toshkent.uz
Фотогалерея
Видеогалерея
Транспорт хизматини ташкил этиш

 

 

 

   Транспорт хизматини ташкил этиш бўйича маьлумот                                                                       

 

  ТОШКЕНТ ШАҲАР АВТОБУС ЙЎНАЛИШЛАРИ РЎЙҲАТИ

 

94,5 КБ (96 816 байт)

 

Тошкент шаҳрида йўловчиларни автомобил транспортида (автобус,  микроавтобус,  енгил автомашиналар) ташишга лицензия олиш учун ариза тақдим этиш

 

Тошкент шаҳрида йўловчиларни автомобил транспортида (автобус,  микроавтобус,  енгил автомашиналар) ташишга лицензия олиш регламенти

 

Транспорт хизматларини ташкил этиш хизмати регламенти (PDF 224 Кб)

 

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
 

ШАҲАР АТРОФИ, ШАҲАРЛАРАРО ВА ХАЛҚАРО ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШ АВТОМОБИЛЬ ТРАНСПОРТИДА ОЧИҚ ТЕНДЕРЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 7-сон, 44-модда; ; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 11-сон, 65-модда; 2005 й., 5-6-сон, 34-модда; 2006 й., 22-сон, 194-модда; 2010 й., 17-сон, 130-модда; 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
Аҳолига хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш, йўловчилар ташувчи автомобиль транспорти билан хизматлар кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини яратиш, йўловчилар ташувчи автомобиль транспорти фаолиятини тартибга солиш ҳамда шаҳарда йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишнинг ижобий тажрибасини ҳисобга олиб Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун республикада очиқ тендерлар ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 июндаги 245-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 11-сон, 65-модда)
2. Белгилансинки:
шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида ва Қорақалпоғистон Республикаси доирасидаги йўналишларда — шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари комиссиялари;
шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ўртасидаги йўналишларда, шунингдек халқаро йўналишларда — Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия очиқ тендерлар ташкилотчилари бўладилар.
3. Қуйидагилар:
Шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказишга оид чора-тадбирлар дастури 1-илова*га мувофиқ;
* 1-илова берилмайди.
Шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси тўғрисидаги намунавий низом 3-иловага мувофиқ;
Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия таркиби 4-илова*га мувофиқ;
* 4-иловалар берилмайди.
Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия қарори асосида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги тендер ғолиби билан шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларда хизмат кўрсатиш юзасидан контракт тузади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 июндаги 245-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 11-сон, 65-модда)
5. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низомни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда Идоралараро комиссияни ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг тегишли комиссияларини улар билан таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги билан биргаликда:
ўн кун муддатда шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияларини тузсинлар ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқласинлар;
йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссиялари раҳбарларининг ҳисоботларини йилнинг ҳар чорагида эшитиб борсинлар ва уларга ҳар томонлама кўмаклашсинлар.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 июндаги 245-сонли қароритаҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 11-сон, 65-модда)
7. Оммавий ахборот воситалари шаҳар атрофи, шаҳарлараро (вилоят ички, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишнинг боришини мунтазам ёритсинлар.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Л.А. Ахметов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 29 июль,
368-сон
 
Вазиpлаp Маҳкамасининг 1999 йил 29 июлдаги 368-сон қаpоpига 
2-ИЛОВА
 
Шаҳар атрофида, шаҳарлараро (вилоятлар ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида
 
НИЗОМ
 
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Низом шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва шаҳарлараро-вилоятлар ичида йўналишларни, Қорақалпоғистон Республикаси доирасида йўналишларни, шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ўртасидаги йўналишларни, шунингдек халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилаб беради.
2. Очиқ тендерда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилган, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турадиган автомобиль транспортида тегишли равишда шаҳар атрофида шаҳарлараро, халқаро йўловчилар ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга ҳамда тендер таклифларида тавсия этилаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун лицензия карточкаларига эга бўлган ҳар қандай юридик шахс қатнашиши мумкин. Ҳар бир транспорт воситасини битталаб кўрикдан ўтказиш бўйича белгиланган намунадаги, йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармаси муҳри билан тасдиқланган, ижобий хулосали далолатноманинг мавжуд бўлиши қатнашчи учун мажбурий шарт ҳисобланади. Тендер қатнашчиси айнан битта автотранспорт воситаларини ҳар хил йўналишларга тавсия этишга ҳақли эмас.
Тугатиш ёки банкротлик босқичида турган ёхуд мулкига арест солинган талабгорларнинг тендерда қатнашишига йўл қўйилмайди.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
3. Қуйидагилар очиқ тендерларнинг ташкилотчилари ҳисобланадилар:
шаҳар атрофидаги ва шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларда, Қорақалпоғистон Республикаси доирасидаги йўналишларда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг шаҳар атрофидаги ва шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларда йўловчилар ташишларни ташкил этиш бўйича комиссиялар (бундан кейин матнда — «Комиссия» деб аталади);
шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ўртасидаги йўналишларда, халқаро йўналишларда — шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича Идоралараро комиссия (бундан кейин матнда— «Комиссия» деб аталади).
4. Тендерга алоҳида йўналишлар ҳам, йўналишлар пакетлари ҳам қўйилиши мумкин шунингдек узунлиги камида 400 км бўлган ушбу йўналишларнинг алоҳида жадваллари.
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қароритаҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
Йўналишлар пакетларини шакллантиришда йўналишларнинг аҳамияти ва рентабеллиги ҳисобга олинади. Пакетга рентабелли йўналишлар билан бир қаторда аҳолига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган рентабелсиз йўналишлар ҳам киритилиши мумкин.
5. Тендер камида икки қатнашчи мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.
Ташувчига тендер ўтказилмасдан йўналишда ишлаш ҳуқуқининг биркитилишига йўл қўйилмайди, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
янги йўналиш очилгандан кейин уч-тўрт ой мобайнида янги йўналишда автотранспорт воситаларининг мунтазам синов ишлари бажарилиши;
кўча-йўл тармоғида олдиндан кутилмаган вазиятларда, айрим участкалар, транспорт узеллари ва майдонлари ёпилганда вақтинчалик йўналишлар жорий этилиши;
йўналишларнинг ташкилотлар буюртмалари бўйича соатбай ҳақ тўлаш асосида бажарилиши;
дам олиш зоналари, спорт-соғломлаштириш комплекслари, ярмаркаларнинг фаолият кўрсатиш даврида мавсумий йўналишларнинг ташкил этилиши;
махсус йўналишлар (ташкилотлар ходимларини ишга олиб бориш ва ишдан олиб кетиш кабилар учун) ташкил этиш.
Тендерда қатнашиш учун буюртманомалар мавжуд бўлмаганда ёхуд унда атиги бир нафар ташувчи қатнашганда Комиссия ушбу Низомда назарда тутилган тартибда такрорий тендер ташкил этиши керак, бунда йўналишга (йўналишлар пакетига ёки жадвалга) йўналишга қўйиладиган талабларнинг қайта кўриб чиқилишига йўл қўйилади.
Агар такрорий тендерни ўтказишда йўналишга (йўналишлар пакетига) яна атиги бир нафар ташувчи талабгор бўлса, Комиссия ушбу ташувчига йўналишда (йўналишлар пакетида ёки жадвалида) ишлаш ҳуқуқини мазкур ташувчининг тендер таклифлари қўйилаётган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда бириктириб қўйиш ҳуқуқига эгадир.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
II. ТЕНДЕРНИ ЎТКАЗИШНИНГ МАҚСАДИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ
6. Қуйидагилар тендерни ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:
йўналишларни мулкчиликнинг турли шаклларидаги ташувчилар ўртасида ҳаққоний, холисона тақсимлаш;
ташувчини танлаш масалаларининг субъектив ҳал этилиши имкониятига мутлақо йўл қўймаслик учун ғолибни танлаш тендер қатнашчилари, матбуот вакиллари иштирокида ўтказилиши керак;
ташувчилар тендер ҳужжатларида қайд этилган ягона талаблар ва йўловчилар ташиш қоидалари асосида рақобатлашиши керак;
йўловчилар ташиш ҳуқуқини ташувларнинг энг фойдали шартларини (автобусларнинг қулай русумлари, қатнов оралиғи катта бўлган йўналишда хизматлар кўрсатиш, йўналишларда ишлаш чоғида қатнов хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларининг самарали тизими ва шу кабиларни) таклиф этган ташувчи олади.
III. ОЧИҚ ТЕНДЕРЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
7. Комиссия тендерга қўйиладиган йўналишлар (йўналишлар пакетлари ёки жадвали) рўйхатини тайёрлайди, тендер ҳужжатлари пакетини шакллантиради, тендер предметини, уни ўтказишнинг асосий шартларини, тартибини, вақтини, жойини, шу жумладан тендер қатнашчилари томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини тендер ўтказилишидан камида 30 кун олдин оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
8. Очиқ тендерда қатнашишни хоҳловчилар тендер ҳужжатлари пакетини олиш юзасидан Комиссияга ёзма буюртманома беришлари керак. Буюртманомалар бериш ва тендер ҳужжатларини олиш учун белгиланган муддат тендер ўтказиладиган санадан 5 кун олдин тугайди. Барча буюртманомалар Комиссиянинг тартиб рақами қўйилган ва ип ўтказиб боғланган махсус дафтарида рўйхатдан ўтказилади.
9. Комиссия ташувларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган қатнашчилардан тушган барча буюртманомаларни истисносиз қабул қилишга мажбур.
Очиқ тендерда қатнашиш учун белгиланган муддатдан кечикиб тушган буюртманомалар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.
10. Қатнашчи тендер ҳужжатлари баҳосини эълонларни чоп этиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда уларни тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича тўлаши керак. Тушган маблағлар вилоят ҳокимлигининг (Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг) махсус счётига ўтказилади ва улардан фақат тендерлар ўтказишни ташкил этиш учун фойдаланилади. Фақат комиссия раиси Комиссия аъзолари билан келишган ҳолда ушбу маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
11. Тендер ҳужжатлари пакети қуйидагилардан иборат бўлади:
шаҳар атрофида, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро) ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш юзасидан очиқ тендерлар ташкил этиш бўйича низом;
қатнашчи тўғрисидаги маълумотлар шакли;
тендер қатнашчиси учун йўриқнома;
тендерга қўйилган йўналишларда йўловчилар ташишни ташкил этишга қўйиладиган талаблар;
қатнашчиларнинг тендер бўйича таклифлари шакли;
йўналишда (йўналишлар пакетида, йўналишнинг алоҳида жадвалида) йўловчилар ташиш транспортида хизматлар кўрсатиш бўйича контрактнинг намунавий шакли;
тендер таклифлари ва қатнашчи тўғрисидаги маълумотларни Комиссияга бериш учун конверт.
Конвертга тендерга қўйилаётган йўналишнинг (ёки йўналишлар пакетининг, йўналишнинг алоҳида жадвалининг) номи ёзилади.
Агар тендерга биттадан ортиқ йўналиш (йўналишлар пакети, йўналишнинг алоҳида жадвали қўйилган бўлса), у ҳолда ҳар қайси йўналиш (ёки йўналишлар пакетининг, йўналишнинг алоҳида жадвали) учун алоҳида конверт ажратилган бўлиши керак. Тендернинг у ёки бу қатнашчисини ажратиб олиш мумкин бўлмаслиги учун конвертларда ҳеч қандай чизиқчалар ёки фарқловчи белгилар бўлмаслиги керак. Тендерда қатнашишга талабгорга тендер ҳужжатлари пакетини бериш махсус дафтарда рўйхатдан ўтказилади.
(11-банднинг еттинчи—ўн биринчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қарорига асосан еттинчи — ўнинчи хатбошиларга алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
12. Тендер бўйича таклифларни қабул қилиш тендер ўтказилишидан бир кун олдин тугайди. Тендер бўйича таклифларни қабул қилишнинг тугаш санаси ва вақти Комиссия томонидан ўтказиладиган тендер тўғрисидаги эълонда кўрсатилган бўлиши керак.
13. Тендер бўйича таклифлар топширилгандан кейин қатнашчилар уларга бирон-бир тузатишлар киритиш ҳуқуқига эга эмас.
14. Қатнашчилардан тендер бўйича тушган таклифларни Комиссия баҳолайди.
IV. ТЕНДЕР БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР МАЗМУНИ
15. Тендер бўйича таклифлар қуйидаги кўрсаткичлар ва ахборотлардан иборат бўлиши керак:
15.1. Шаҳар атрофидаги ва вилоят ичидаги, шаҳарлараро йўналишлар бўйича:
а) йўналишдаги 1 йўловчи — км учун тарифнинг қатнашчи томонидан таклиф этилаётган даражаси;
б) транспорт воситасининг русуми (класси), ишлаб чиқарилган йили;
в) автотранспорт воситасининг ташув учун таклиф қилинаётган умумий йўловчи ўринлари сони;
г) автобус иш тартибининг таклиф этилаётган варианти;
д) йўналишдаги қатновларнинг таклиф этилаётган сони;
е) йўналишларда ишлаётганда ҳаракатланиш хавфсизлигини ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар режаси.
15.2. Вилоятлараро, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ҳам 15.1-бандда қайд этилган мезонлар қўлланади, «г» ва «д»кичик бандларидаги кўрсаткичлардан ташқари.
Қатнашчи тендер бўйича таклифларнинг барча бандларига доир тўлиқ ва муфассал ахборот тақдим этишга мажбур.
V. ТЕНДЕР БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАРНИ БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБНИ АНИҚЛАШ
16. Тендер бўйича таклифлар Комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан қуйидаги тартибда кўриб чиқилади ва баҳоланади:
а) йўналишдаги 1 йўловчи — км учун тарифнинг қатнашчи томонидан таклиф этилаётган даражаси учун — ташиш тарифи даражасини Комиссия талаб қилаётганга нисбатан пасайтиришнинг ҳар бир пункти учун ошиб борувчи коэффициентни қўллаган ҳолда беш балли тизим бўйича;
б) транспорт воситасининг русуми (класси), ишлаб чиқарилган йили учун — табақалаштирилган баллар бўйича;
в) автотранспорт воситасининг ташув учун таклиф қилинаётган умумий йўловчи ўринлари сони учун — табақалаштирилган баллар бўйича.
Комиссия йўналишда ишлаш учун талаб қилинадиган автомобиллар русумини ва улар бўйича табақалаштирилган балларни мустақил равишда белгилайди.
г) автобуслар иш тартибининг таклиф этилаётган варианти учун — иш тартибини оширишнинг ҳар бир пункти учун ошиб борувчи коэффициентни қўллаган ҳолда беш балли тизим бўйича;
д) йўналишдаги қатновларнинг таклиф этилаётган сони учун — талаб қилинаётган миқдордан ортиқча таклиф этилаётган ҳар бир қатнов учун ошиб борувчи коэффициентни қўллаган ҳолда беш балли тизим бўйича;
е) йўналишларда ишлаётганда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар режаси — беш балли тизим бўйича. Бунда ташувчи беш баллни қуйидаги мажбурий шартларни бажарган тақдирда олади:
ҳар куни қатновга чиқишдан олдин транспорт воситаларини техникавий назоратдан ўтказишни таъминлаш;
ҳайдовчиларни ҳар куни тиббий кўрикдан ўтказишни таъминлаш;
ҳайдовчиларга 30 соатлик дастур бўйича Йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини ўргатиш.
Агар талабгор қайд этилган шартларни бажара олмаса, у ҳолда 5 баллга нисбатан камайиб борувчи коэффициент қўлланади, у амалда бажариладиган шартларнинг учта мажбурий талабга бўлган нисбати сифатида аниқланади.
Комиссия, йўналишга нисбатан аниқ талабларни ҳисобга олган ҳолда, қатнашчиларнинг тендер бўйича таклифларини баҳолашга қўшимча талабларни таклиф этишга ҳақли.
Тендер бўйича таклифларни баҳолашни ўтказиш учун зарур бўлган йўриқнома-услубий ҳужжатлар ва уларнинг шакллари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан тасдиқланади.
17. Комиссия тендер бўйича таклифларни баҳолашнинг якуний балини ҳар бир қатнашчи бўйича аниқлайди.
18. Агар танлаб олиш натижаларига кўра бир нечта талабгор тенг баллар олган бўлса, у ҳолда ғолиб Комиссия аъзоларининг ёпиқ овоз бериши йўли билан аниқланади.
19. Комиссиянинг тендер ғолибини аниқлаш бўйича мажлиси натижалари протокол билан расмийлаштирилади, уни Комиссия аъзолари, раиси ва мазкур йўналиш ёки йўналишлар пакети бўйича тендер ғолиби имзолайдилар.
Тендер ғолибига тендер бўйича ютиб чиқилган мазкур йўналишда (йўналишлар пакетида, йўналишнинг алоҳида жадвалида) ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берилади. Гувоҳномани Комиссия раиси имзолайди ҳамда у Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги муҳри билан тасдиқланади.
(19-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қароритаҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
20. Контрактни имзолаш муддати қатнашчи тендер ғолиби деб эълон қилингандан кейин 20 кундан ошмаслиги керак. Комиссия контракт имзолангунгача олдиндан (тендер ўтказилгандан кейин 15 кун мобайнида) ғолибнинг тендер бўйича таклифларининг тўғрилигини текширишга ҳақлидир.
Тендер ғолибининг тендер бўйича унинг тендер таклифларининг ҳақиқийлиги Комиссия томонидан аниқланиши керак бўлган таклифларининг нотўғри эканлиги аниқланган тақдирда энг кўп баллар миқдори бўйича кейинги талабгор ғолиб деб эътироф этилади.
(20-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 34-сонли қароритаҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 7-8-сон, 58-модда)
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлиги Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан тендер ғолиби билан йўналишларда йўловчи ташиш транспорти билан хизматлар кўрсатиш юзасидан камида 1 йил муддатга контракт тузилади.
(20-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 июндаги 245-сонли қароритаҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 11-сон, 65-модда)
Ташувчи томонидан контракт бўйича ишларнинг барча шартларига риоя қилинган тақдирда контрактни имзолаган орган Комиссия қарори асосида контрактнинг амал қилиш муддатини узайтиришга ҳақлидир.
21. Тендернинг исталган қатнашчиси Комиссиядан тендер бўйича таклифларнинг баҳолаш натижаларини ёзма шаклда олиш ҳуқуқига эга.
 
Вазиpлаp Маҳкамасининг 1999 йил 29 июлдаги 368-сон қаpоpига 
3-ИЛОВА
 
Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси тўғрисида
 
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
 
1. Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида ва Қорақалпоғистон Республикаси доирасидаги йўналишларда йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси (бундан кейин матнда «Комиссия» деб аталади) шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташиш ишларини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, улар кўрсатаётган хизматлар ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида рақобат муҳитини яратишга оид комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш, ушбу чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Намунавий низомга амал қилади.
3. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташувчи автомобиль транспортининг бир маромда ишлашини таъминлашга оид ишларни мувофиқлаштириш;
транспорт хизматлари кўрсатиш бозорида мулкчиликнинг турли шаклларидаги ташувчилар учун тенг шарт-шароитлар яратиш ва соғлом рақобатни ривожлантириш;
шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўналишларни жойлаштириш учун тендерларни ташкил этиш ва ўтказиш;
йўловчилар ташиш автомобиль транспортини ривожлантиришга, улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга оид комплекс чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш;
йўловчилар ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаш.
4. Комиссия Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Давлат автомобиль назорати, солиқ органлари, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси органлари ва жойлардаги бошқа манфаатдор органлар вакилларидан шакллантирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоят ҳокимининг транспорт ва алоқага мутасаддилик қилувчи ўринбосари Комиссия раиси ҳисобланади.
Комиссия таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланади.
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 июндаги 245-сонли қароритаҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 11-сон, 65-модда)
5. Қўйилган вазифаларни бажариш учун Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат бошқаруви органларидан ва хўжалик юритувчи субъектлардан Комиссияга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотларни олиш;
ваколатли органлар томонидан йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини, ташувчилар томонидан белгиланган графикларга, жадвалларга, ташиш тарифларига риоя қилинишини, текин ва имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган йўловчиларнинг текин ва имтиёзли юриши таъминланишини назорат қилишга оид тадбирларни уюштириш;
тендерда ютиб чиқилган йўналишларда қонунга зид равишда ишловчи ташувчилар аниқланганда Давлат автомобиль назорати, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги органларига тегишли чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритиш;
шаҳар атрофида ва шаҳарлараро-вилоят ичида йўловчилар ташишнинг амалдаги тарифларини ўзгартириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларига таклифлар киритиш.
6. Комиссия:
тендер бўйича жойлаштирилган йўналишлардаги иш натижаларини мунтазам равишда (бир ойда камида бир марта) якунлаб боришга;
шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўловчилар ташиш транспорти иши юзасидан тушган шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқиш ишларини ташкил қилишга ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таъсирчан чора-тадбирлар кўришга;
йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг сифати ва маданиятининг у ёки бу масалалари, графиклар ва йўналишлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этишга;
аҳолини ва давлат бошқаруви маҳаллий органларини шаҳар атрофи, шаҳарлараро-вилоят ички йўловчилар ташиш йўналишларида ишлаш ҳуқуқини берувчи тендерда ютиб чиққан йўловчи ташувчилар билан тузилган контрактлар бажарилиши тўғрисида ҳар ойда хабардор қилиб туришга, йўловчилар ташиш автомобиль транспортини ривожлантириш, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга;
ташиш жараёнини ташкил этишда ёрдам кўрсатишга;
ташувчилар ўтказилган тендер якунлари бўйича Комиссия ёхуд унинг тартиботларидан норози бўлганларида уларга тушунтиришлар беришга мажбурдир.
7. Комиссия мажлислари заруратга қараб, лекин бир ойда камида бир марта ўтказилади. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзоларининг камида тўртдан уч қисми қатнашганда ваколатли бўлади.
Комиссия қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва протоколлар билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Комиссия раисининг (у бўлмаганда — раис ўринбосарининг) овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
8. Комиссия фаолиятини ташкилий-техник таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.
 

 

Печать 08 Август 2014 Ўқилди: 18008




Шавкат Мирзиёев: ҳар бир лойиҳа ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши керак
Табиат қучоғига талпининг
Сайтда фойдаланувчилар сони: 202
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 Ҳолати

   

      I – Чорак 2017 - йил

     

      II – Чорак 2017 - йил     

     

       III – Чорак 2017 - йил     

   

IV – Чорак 2017 - йил     

   

Кирувчи

8

11

 

 

Ижрода

1

2

 

 

Ижроси таъминланган

7

9

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар