toshkent.uz Toshkent.Uz - Бугунги Тошкент
Фотогалерея
Видеогалерея
Бугунги Тошкент

  1991 йил 31 августда Ватанимиз тарихида янги давр бошланди. Айнан шу куни Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинди. Тарих учун ўн саккиз йил катта муддат эмас. Бироқ Ўзбекистон халқи учун бу, энг аввало, мустақил тараққиёт йўлидан қатъий бориш, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, миллий давлатчилигимиз асосларини тиклаш йиллари бўлди. Ўтган давр тинимсиз меҳнат, яратувчилик ва бунёдкорлик билан кечди. Бугунги кунда ана шундай ижобий жараёнлар маҳсулини ҳар қадамда кўриш мумкин. Энг муҳими - қисқа муддатда одамларнинг онгу тафаккури, турмуш тарзи ўзгарди.

  Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг илк кунлариданоқ Тошкент ўзининг пойтахт шаҳар, Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик сиёсий  маданий марказ сифатидаги мақомига ҳар томонлама муносиб бўлиши учун унинг ривожига алоҳида, эътибор қаратиб келмоқда. Мамлакатимиз Президенти томонидан ишлаб чиқилган шаҳарни ривожлантириш концепцияси ҳам айнан ана шу мақсадга йўналтирилган.

   Тошкент      бугунги      кунда      давлатимизнинг  ички ва ташқи сиёсати шакллантириладиган,  иқтисодиётдаги,   ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ислоҳот жараёнлари изчил бошқариладиган том маънодаги мустақил давлат пойтахтидир.

  Бу ерда мамлакатимизнинг марказий раҳбарлик идоралари, маъмурий-ижтимоий муассасалардан ташқари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг ваколатхоналари, ШҲТнинг икки асосий ишчи органларидан бири - Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси, бошқа нуфузли халқаро бирлашмалар жойлашган. Бу ерда 40 дан зиёд давлатнинг элчихонаси ишлаб турибди. Республика пойтахтида халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотларнинг 90 га яқин ваколатхоналари ҳамда филиаллари иш олиб бормоқда.       

  Ўзбекистон пойтахтида йирик халқаро сиёсий саммитлар ва учрашувлар, сиёсат, иқтисод , ҳуқуқ, фан ва маданиятнинг долзарб масалаларига бағишланган конференциялар, симпозиумлар, съездлар, семинарлар ва кенгашлар мунтазам ўтказиб турилади.      

  Мустақиллик майдони, «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи каби ноёб мажмуалар, Президент саройи - Оқсарой, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги сингари марказий раҳбарлик идораларининг бинолари пойтахтнинг ўзига хос сиёсий рамзлари ҳисобланади. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партия ва юзлаб жамоат ташкилотларининг марказий органлари Тошкент шаҳрида жойлашган.

  Тошкент шаҳрининг Марказий Осиёда геосиёсий жиҳатдан энг муҳим темир йўл магистраллари ва авиайўллари чорраҳасида жойлашгани жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари билан самарали иқтисодий ва маданий ҳамкорлик қилишга кўмаклашади. Пойтахтда иккита темир йўл вокзали, иккита аэропорт, бешта автовокзал мавжуд. Ўрта Осиёда энг катта транспорт йўлаги бўлган Тошкент халқаро аэропорти ҳар куни жаҳоннинг Франкфурт-Майн, Нью-Йорк, Деҳли, Лондон, Москва, Тель-Авив, Жидда, Амстердам, Шаржа, Куала-Лумпур, Теҳрон, Афина, Сянган ва бошқа йирик шаҳарларига парвозлар амалга оширилади.

  Мустақилликнинг дастлабки йилларида, Тошкентнинг сиёсий аҳамиятини ҳисобга олиб, шаҳар ва мамлакатнинг бош майдони - Мустақиллик майдони қайта қурилди. Аввало, майдон марказидаги шоҳсупага мамлакатимиз давлат мустақиллигининг тимсоли бўлган Ер шари тасвири ўрнатилди. Президентимизнинг ташаббуси ҳамда раҳбарлигида амалга оширилган бу иш нафақат бош майдоннинг кўринишини, балки унинг моҳияти ва аҳамиятини ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Ушбу майдонда ва унинг ён-атрофида олиб борилган кенг кўламли қуриш ва реконструкция ишлари натижатсида бу ерда кейинчалик Мустақиллик ва эзгулик монументи, Сенат биноси, Эзгулик аркаси, Тасвирий санъат галереяси, Бизнес маркази каби кўплаб замонавий меъморий мажмуалар бунёд этилди, Вазирлар Маҳкамаси биноси, маъмурий бино янгича қиёфа касб этди.

  1999 йилда бу ҳудудда Хотира майдони мажмуаси барпо этилди. Мажмуа Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарларнинг номлари битилган хотира китоблари сақланаётган, нақшинкор устунлар билан безатилган, узунлиги 60 метрли айвонлардан ва Мотамсаро она ҳайкалидан иборат.

  Хотира ва Сенат майдонлари ўртасида қад кўтарган Мустақиллик ва Эзгулик монументи фарзандини бағрига босган Бахтиёр она ҳайкали ҳамда ўртасида Ўзбекистон ҳудуди акс эттирилган Ер шари кўринишидан иборат. Бу монумент Эзгулик аркаси билан уйғунлашиб, яхлит мажмуа кўринишини олган.

  Бугунги Тошкентнинг шаҳарсозлик тузилмасида Амир Темур кўчаси муҳим ўрин тутади. У буюк бобокалонимиз номи билан аталадиган, марказида 1993 йилда буюк Соҳибқирон ҳайкали ўрнатилган хиёбондан бошланади. Хиёбоннинг шимол Тарафида 1996 йилда миллий меъморий анъаналар асосида Темурийлар тарихи давлат музейи барпо этилган. Ғарб тарафида - Мустақиллик майдони сари боришда мустақиллик даври меъморчилигининг ажойиб намуналари бўлган Ёшлар ижод саройи, Тасвирий санъат галереяси қад ростлаган.

  Шу кўчадаги собиқ мустабид тузум давридаги қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб барпо этилган Шаҳидлар хотираси мажмуаси ҳудудида 2000 йилда «Қатағон қурбонлари хотираси» музейининг иккинчи навбатини қуриш, унинг экспозициясини янгилаш бўйича 2008 йилда кенг кўламли ишлар олиб борилди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида музей замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Миллий меъморий анъаналарга суянган ҳолда қурилган бинонинг ташқи кўриниши шаҳарнинг умумий архитектураси билан уйғунлашиб кетди.

  Республика Президенти ташаббуси билан 2009 йилда шаҳар марказида жуда қисқа муддатда ноёб меъморий обида — «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи қад кўтарди. Бу бино Тошкент шаҳрининг энг диққатга сазовор жойларидан бирига айланди. Унинг барпо қилинишида Ўзбекистон, Германия ва Грециянинг энг кўзга кўринган меъмор ва муҳандислари иштирок этишди. Бино 9,5 минг квадрат метр майдонни эгаллаган. Унинг гумбази остида учта зал жойлашган. Заллардан бири 2200 ўринли бўлиб, қолган иккитасининг ҳар бири 300 ўринлидир. Сарой катталиги билангина эмас, балки муҳташам ташқи қиёфаси билан ҳам кишини лол қолдиради. Унинг олд томони устинлар билан безатилган, усти эса шаҳар узра салобат тўкиб турган, баландлиги 50 метрга яқин ям-яшил гумбаз билан ёпилган.

  Тошкент йилнинг ҳар қайси мавсумида ҳам кўзни яшнатадиган даражада ям-яшил бўлиб туради. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ҳамда бевосита раҳбарлиги остида шаҳарда яшил ҳудудларни кўпайтириш дастури ишлаб чиқилди. Бунда асосий эътибор шаҳарнинг ҳамда унинг ҳар бир майдони архитектурасининг ўзига хослигига қаратилди, қадимий анъаналар, туманларнинг жойлашуви ҳисобга олинди. Шаҳар майдонининг 30 фоизи қисқа муддатда яшил ҳудудларга айлантирилгани унинг экологияси сезиларли даражада яхшиланишига кўмаклашди. Ҳозирги кунда ҳар бир тошкентликка ўртача квадрат метрдан яшил ҳудуд тўғри келмоқда.

  Фавворалар шаҳарнинг яшил архитектурасининг ажралмас қисми бўлиб, сунъий сув ҳавзаларининг умумий майдони 91 гектардан иборатдир.

  Пойтахтимизни экологик жиҳатдан тоза ва озода сақлаб туришда унинг ҳудудидан оқиб ўтадиган сув ресурсларининг аҳамияти беқиёс. Бугунги кунда пойтахт орқали Толариқ-Баротхўжа, Салор, Бўзсув, Қорасув, Кайковус, Дамаши, Найман каби 7 та канал оқиб ўтади. Улар умумий узунлиги 126 километр бўлган, 37 та магистрал каналдан иборат шаҳар сув хўжалигини сув билан таъминлайди. Узунлиги 110 километрдан иборат, майда ариқларга бўлиниб кетадиган 51 та канал эса бу тизимнинг яна бир бўғини ҳисобланади.

  Бугунги кунда шаҳарда 20 га яқин маданият ва истироҳат боғи ишлаб турибди. Сўнгги йилларда янги боғлар барпо этиш билан бирга, мавжудлари тўлиқ қайта қурилди. Алишер Навоий номидаги Миллий боғ, Амир Темур хиёбони, Ғафур Ғулом, Мирзо Улуғбек, Абдулла Қодирий, Бобур номидаги боғлар сўлим дам олиш масканларига айланди. Пойтахтнинг яшил ландшафтида умумий ансамблни ташкил қилувчи ҳайвонот боғи, Аквапарк, Тошкентлендга пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари катта иштиёқ билан ташриф буюришади.

  Тошкентнинг асрлар давомида ўзгармасдан келган кўҳна қисми - Эски шаҳар ҳам мустақиллик йилларида тубдан обод бўлди. Бу ердаги муқаддас Зиёратгоҳ - ҳазрати Имом мажмуаси тўлиқ қайта қурилди. Эндиликда бу жой нафақат ватандошларимиз, балки бутун мусулмон олами вакиллари учун қутлуғ қадамжога айланди. Айни пайтда шаҳардаги кўплаб тарихий обидалар — ХVI асрга мансуб Кўкалдош мадрасаси, ХIII-ХIХ асрларга мансуб Шайх Зайниддин бобо, Хўжа Аламбардор, Юнусхон, Шайх Хованд Тоҳур, Сузук ота мақбаралари, Абулқосим мадрасаси ва бошқа тарихий ёдгорликлар реконструкция қилинди. Шу билан бирга, Эски шаҳарнинг бошқа мавзеларида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Ўнлаб ижтимоий-маданий объектлар, янги тураржой бинолари, кўприклар ҳамда йўллар бунёд этилди, маҳаллалар ва гузарлар ободонлаштирилди.

  Эски Жўва бозори яқинида қад кўтарган — Болалар ижодиёти маркази ва Миллий либослар галереяси Эски шаҳарнинг чиройига чирой қўшди Амир Темур шоҳкўчаси бўйлаб Халқаро савдо-кўргазма мажмуаси барпо этилган. Мажмуа «Интерконтинентал — Тошкент» меҳмонохоналар мажмуаси, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Халқаро бизнес марказ ва «Тошкент-плаза» савдо марказини ўз ичига олади 1997 йилда қурилган теннис кортлари ва ёпиқ ҳавзалардан иборат спорт мажмуаси ҳам пойтахтнинг кўркига кўрк қўшиб турибди.

  Ўтган давр ичида транспорт-коммуникация соҳасида ҳам анча ютуқлар қўлга киритилди. Метрополитеннинг Юнусобод йўналиши қурилиб, фойдаланишга топширилди. «Тошкент» аэропорти, Тошкент марказий темир йўл вокзали тубдан таъмирланди. Бу ерларда замонавий талаблар даражасида хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилди.

  Токентда аҳолига ҳамда меҳмонларга жамоат транспортида хизмат кўтрсатиш сифатли йўлга қўйилган «Тошшаҳартрансхизмат» бирлашмаси тизимида 17 та автобус, 3 та трамвай-троллейбус, 9 та таксомотор саройи ишлаб турибди. Шаҳар 125 та автобус, 8 та Трамвай, 4 та троллейбус йўналиши, 35 та йўналишдаги такси мавжуд. Уч йўналишдаги 29 бекатли Тошкент метрополитени фаолият кўрсатмоқда.

  Мустақиллик йилларида шаҳарда транспорт оқими масаласини оқилона ҳал этиш мақсадида узунлиги 32 километр бўлган Кичик ҳалқа йўли, 8 та замонавий кўприк, Катта ҳалқа йўли билан Сирғали кўчаси кесишган жойда уч йўналишда янги магистрал йўл, бошқа кўплаб кенг йўллар, эстакадалар, кўприклар қурилди, эски иншоотлар реконструкция қилинди, йўллар тўғирланди, тор кўприклар кенгайтирилди. Уларнинг умумий узунлиги 420 километрдан ортиб кетди. Мамлакатимиз Президенти таъбири билан айтганда, янги йўллар, қулай кўприклар, энг аввало, халққа хизмат қилади. Пойтахтнинг тиғиз чорраҳаларига ўнлаб кўприклар қурилгач, кўплаб муаммолар ҳал этилиши билан бирга, ҳаракат хавфсизлиги ҳам таъминланмоқда. Пойтахтнинг коммуникация тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндилар ҳажми 1990 йилдагига нисбатан 25 фоиз қисқарди. Ўз навбатида, Тошкент кўчалари бўйлаб ҳаракат суръати бир неча баробар жадаллашди.

  Бугунги кунда Тошкент стратегик аҳамиятга эга сиёсий марказ бўлибгина қолмай, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг йирик саноат-транспорт чорраҳасидаги муҳим иқтисодий мегаполис ҳамдир. Шаҳарда саноатнинг ўн тўртта тармоғига тегишли 120 дан зиёд йирик корхона, жаҳоннинг саксондан зиёд мамлакати компаниялари билан ҳамкорликда очилган 3000 га яқин қўшма корхона ҳамда фирмалар ишлаб турибди.

  Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат молларининг 15 фоизга яқини пойтахтимиз ҳиссасига тўғри келади. Бу борада, айниқса, энергетика, машинасозлик ва самолётсозлик, металлга ишлов бериш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил ва озиқ-овқат саноати етакчи ўрин эгаллайди.

  Бу ерда жойлашган «Ўзбеккабел», «Тошкент трактор заводи», «Совпластитал», «Тошкент лакбуёқ заводи», «Файз-холдинг», «Ўзэлектраппарат» сингари йирик корхоналарнинг салоҳияти нафақат мамлакатимизда, балки ундан анча олисларда ҳам маълум ва машҳур. Ҳозирги вақтда «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг вагон таъмирлаш заводи, «Дойчекабель» ҚК, «Электроизолит», «Фармгласс», «Медгласс», «Новофарм плюс» сингари замонавий корхоналар улар билан муваффақиятли рақобатга киришмоқда.

  Тошкент корхоналари бугун ўз моллари билан жаҳон бозорига кириб бормоқда. Жумладан, Германия, Хитой, Венгрия сингари мамлакатларга мис кабель, Болгария, Швейцария, Францияга пахта толаси, яна бир қанча давлатларга — пахта териш машиналари экспорт қилинмоқда. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида эса жаҳон андозаларига мос Ил—76, Ил—114 самолётлари тайёрланмоқда.

  Тошкент тўқимачилик саноатининг йирик маркази ҳамдир. Сўнгги йилларда ушбу тармоқда «Шайхонтоҳур-текстиль», «Мурувваттекс», «Алькомтекстиль» каби 25 та янги корхона ишга туширилди. Бу корхоналарда саккиз мингга яқин йигит қиз меҳнат қилмоқда.

  Шаҳарда «Бандлик» дастури доирасида 2008 йилнинг ўзида турли манбалар ҳисобидан қўшимча равишда 64159 та янги иш ўрни очилди (жумладан, 10,5 минг киши касаначилик ҳисобидан иш билан таъминланди). 2011 йилгача турли манбалар, шу жумладан, кичик бизнес имкониятларини кенгайтириш ҳисобидан 150 мингдан зиёд янги иш ўрни очиш кўзда тутилмоқда.

  Мустақиллик йилларида бутун юртимизда бўлгани каби, Тошкент шаҳрида ҳам маданият, илм фан, таълим, соғлиқни сақлаш, санъат ва спорт муваффақият билан ривожланди.

  1997 йили бу ерда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ташкил этилиши тасвирий ва халқ амалий санъати ривожида, миллий санъатимизнинг халқаро майдонга чиқишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

  Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз театр санъатининг юксалишида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 13 та театрнинг ҳиссаси катта бўлди. Булар ўзбек миллий академик драма театри, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта опера ва балет театри, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали комедия театри, Ўзбекистон драма театри, Тошкент давлат мусиқали комедия (оперетта) театри, мусиқий-хореографик томошалар тайёрловчи «Офарин» рақс театри ва бошқалардир.

  Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳар йили 15 та бадиий, 60 та ҳужжатли ва илмий-оммабоп, 10 та мультипликацион фильм тайёрланаётган бўлса, уларнинг аксарияти пойтахт киностудияларида суратга олинмоқда.

  Бундан ташқари, шаҳарда 23 та музей, 9 та маданият саройи, замонавий ахборот-ресурс марказларига айлантирилган кутубхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда кўплаб, оммавий ахборот воситалари, жумладан, замонавий талаблар асосида жиҳозланган теле ва радиомарказлар, 3 та ахборот агентлиги иш олиб бормоқда. Кўплаб газета ва журнал чоп этилмоқда. 62 та нашриёт, 700 дан зиёд босмахона, бир нечта хусусий теле ва радиоканал фаолият юритмоқда.

  Тошкент — улкан илм-фан ва таълим маркази ҳамдир. Бу ерда қирқдан зиёд илмий-тадқиқот институти, учта минтақавий бўлимни бирлаштириб турган Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси ишлаб турибди. Тошкентда 30 дан зиёд олий ўқув юрти фаолият олиб бормоқда. Етакчи олий ўқув юртлари орасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат аграр университети, Ўзбекистон давлат консерваторияси ва бошқа олий таълим муассасалари бор. Истиқлол йилларида бу ерда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент ислом университети, Тошкент тиббиёт, банк-молия, солиқ божхона академиялари каби 15 та янги олий ўқув юрти очилди.

  Тошкентда Халқаро Вестминстер университети, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодий академияси, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Сингапур Менежментни ривожлантириш институти филиаллари иш олиб бормоқда. Президент фармони билан 2009 йили пойтахтимизда Турин политехника университетининг (Италия Республикаси) филиали очилди.

  Пойтахт аҳолисининг юз минглаб фарзандлари уч юздан зиёд мактаб, 117 та академик лицей ва касб ҳунар коллежида, 30 та мусиқа ва 25 та спорт мактабида билим олишмоқда. Ўсмир йигит-қизларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Тошкентда мингдан зиёд спорт мажмуаси ишлаб турибди. Болалар спортини ривожлантириш дастурига мувофиқ сўнги тўрт йил ичида 40 та янги спорт объекти фойдаланишга топширилди.

  Пойтахтимизни ҳакли равишда замонавий тиббиёт маркази, деб аташ мумкин. Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш давлат дастурига биноан шаҳарда шошилинч тиббий ёрдам, кўз микрохирургияси, кардиология, жарроҳлик, онкология бўйича ихтисослаштирилган илмий марказлар очилди. Тошкентда 109 та шифохона, кўпчилиги оилавий бўлган 614 та поликлиника, 594 та аптека, болалар учун 4 та ва катта ёшдагилар учун 5 та санаторий, 8 та санаторий - профилакторий, 2 та пансионат хизмат кўрсатмоқда. Барча тиббий муассасаларни қуриш, қайта қуриш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича катта ҳажмда ишлар давом эттирилмоқда.

  Ҳозирги вақтда пойтахтда 474 та ўзини ўзи бошқариш органи - маҳалла қўмитаси бўлиб, улар шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

  Мамлакатимизда нафақат ислом маданий мероси бўйича, балки барча маданий обидаларни сақлаб қолиш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

  Чунончи, Тошкентда православ ибодатхонаси ва католиклар костёли таъмирланди. Давлатимиз барча миллатлар ва элатлар вакилларига ўзига хос маданияти, санъатини ривожлантириш, она тилини ўрганиш ҳуқуқини кафолатлаган. Мамлакатимизда умумий таълим Ўзбек тилидан ташқари, қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, туркман тилларида ҳам амалга оширилмоқда. Олий ўқув юртларида тиллар бўйича махсус факультетлар ишлаб турибди. Диний таълим тизимида 2 та мадраса, шаҳар православ протестантлик семинариялари мавжуд 1999 йилда мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Тошкент ислом университети таъсис этилди. Унинг қошида академик лицей ва гимназия-мактаб мавжуд.

  Жаҳон адабиёти ва маданиятининг буюк вакиллари - А.С. Пушкин, Низомий Ганжавий, Т.Шевченко, Ш.Руставели, Л.Шастри каби дунё тан олган улуғ зотларга қилган, пойтахтимизнинг асосий кўчалари ва шоҳкўчаларини безаб турган ҳайкаллар турли миллатлар вакиллари ўртасидаги дўстлик ва тотувлик рамзи бўлиб хизмат қилмоқда.

  Сўнгги йилларда ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари — Ғафур Ғулом, Абдулла Қодирий, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия хотирасига муҳташам ҳайкаллар қўйилди.

  Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти — АЙСЕСКО 2007 йилда Тошкентни ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилди. Бу мамлакатимизда ислом маданиятини ҳамда маънавий қадриятларни тиклаш ва сақлаб қолиш бўйича амалга оширилаётган эзгу ишларнинг жаҳон миқёсидаги яна бир эътирофи бўлди.

  Тошкент тарихидаги шонли сана - унинг 2200 йиллик юбилейи халқаро кўламда нишонланаётгани шаҳримизнинг бой тарихига, кўп асрлик анъаналари ҳамда миллий қадриятларга бўлган юксак эҳтиром ва эътиборнинг яна бир ифодасидир.

  ЮНЕСКО бош конференцияси ўзининг 34-сессиясида ушбу санани халқаро миқёсда нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон дипломатик корпуси вакиллари иштирокида жаҳондаги ўнлаб мамлакатларда, жумладан, Германия, Италия, Украина, Хитой, Миср Араб Республикаси, Малайзия, Япония, Саудия Арабистонида ўзининг кўп асрлик тараққиёти давомида Буюк ипак йўлида муҳим роль ўйнаган Тошкент шаҳри тарихи ҳамда маданияти билан жаҳон жамоатчилигини таништиришга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтди. БМТ томонидан шаҳримизнинг қутлуғ тўйиги бағишланган махсус илмий амалий конференция ташкил қилинди. Тошкент билан биродарлашган шаҳар бўлмиш. АҚШ нинг Сиэтл шаҳрида ҳам икки шаҳар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва биродарлик алоқалари тарихига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

  Парижда ва ЮНЕСКО иштирокида Тошкентнинг 2200 йиллигига бағишланган юбилей тадбирлар ўтказилди. Франция жамоат ва илм-фан доиралари, шунингдек, бу ердаги хорижий дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари ушбу тадбирларда иштирок этиб, Тошкент мисолида Ўзбекистоннинг бетакрор маданияти ва санъати билан танишишди.

  Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсидаги буюк воқеадир. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, Ватанимизнинг олтин остонаси бўлган азим Тошкент билан бутун Ўзбекистон халқи ҳақли равишда фаҳрланади.

 “Тошкент - 2200”: китоб-альбом, Тошкент:Ўзбекистон, 2009



Печать 17 Март 2010 Ўқилди: 4345


Инновацион ғоялар ярмаркасига хуш келибсиз!
Ўзбекистон ва Польша Президентлари бир-бирларини қутладилар
Сайтда фойдаланувчилар сони: 706
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 Ҳолати

   

      I – Чорак 2017 - йил

     

      II – Чорак 2017 - йил     

     

       III – Чорак 2017 - йил     

   

IV – Чорак 2017 - йил     

   

Кирувчи

8

 

 

 

Ижрода

1

 

 

 

Ижроси таъминланган

7

 

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар