toshkent.uz Toshkent.Uz - Тошкент Қадимда Ва Ўрта Асрларда
Фотогалерея
Видеогалерея
Тошкент қадимда ва ўрта асрларда

  Тошкент шаҳри ва воҳасининг муқаддас тупроғи, бутун юртимиз замини каби, дунёдаги энг қадимий цивилиза­ция бешикларидан бири ҳисобланади. Бу ерда олти юз минг йилдан зиёд вақт аввал маданий ҳаёт нишоналари пайдо бўла бошлаган - дарё соҳиллари ҳамда булоқлар атрофида аҳоли манзилгоҳлари юзага келган. Археологлар томонидан ўрганилган қадимий Қўлбулоқ ва Обираҳмат манзиллари шундай хулоса чиқаришга асос беради. Хусусан, бундан 90-50 минг йиллар олдинги даврларга мансуб Обираҳмат ғоридан топилган меҳнат қуроллари, одам суякларини ўрганиш натижасида Ўрта Осиё ҳудудидаги қадимий жамоаларнинг миграцияси ва уларнинг неандерталь типдаги кишилар билан аралашиб кетгани тўғрисида катта аҳамиятга молик илмий кашфиёт қилинди. Милоддан аввалги III минг йилликдан бошлаб воҳадаги чорвадорлар руда конларини ўзлаштириб, металл эритиш, жездан меҳнат ва жанг қуроллари ясашни ўрганган.

  Бундан уч минг йилча муқаддам Тошкент воҳасида, Оҳангарон дарёсининг ўнг ирмоғи - Бурганлисой соҳилида илк деҳқончилик жамоалари пайдо бўлган, археологлар уларнинг маданиятини бурганли маданияти, деб аташган. Ҳозирги Туябўғиз сув омбори ўрнида қишлоқлар кўп бўл­ган. Аҳоли сони кўпайгач, одамлар кун кечириш учун қулай ҳудудларни излаб кетган. Шу тариқа Чирчиқ дарёсининг Куркулдак ва Жўн ирмоқлари оқимидаги ерлар, жанубда эса Сирдарё бўйлари ўзлаштирилган. Бўлажак Тошкент шаҳри ҳудудида ҳам шундай манзилгоҳлар юзага келган. Шулардан бири Чоштепа кўчаси бўйлаб Жўн ариғи ёқасида жойлашган Шоштепа шаҳристони эди.
  Тошкент ҳудудида дастлабки шаҳарсозлик анъаналари 2200 йил аввал юзага келган. Тошкент воҳасининг қулай табиий ва гидрографик шароити дастлабки милодий асрлардан бошлаб турли манзилгоҳлар, шу жумладан, шаҳарнинг жадал ривожланишига кўмаклашган. Салор канали бўйида жойлашган Мингўрик шаҳристонидаги манзилгоҳ мудофаа девори ва қалъасига эга бўлган ҳақиқий шаҳарга айланган.
  Сирдарё - Яксарт зонаси милоддан аввалги дастлабки асрлардан бошлаб Қанғ давлати таркибига киргани форс ва хитой манбаларидан маълум. Тошкент воҳаси милоддан ав­валги III аср охири ва II асрларда унинг таркибига кирган. Қанғнинг урбанизациялашган негизи, эҳтимол, аста-секин шу томонга силжиб келган, шундан сўнг Юени унинг қишки пойтахтига айланган. Сирдарё соҳили яқинида, ҳозирги Тошкентдан 70 километр жануби-ғарбда қад кўтарган Қанқа шаҳристони унинг пойтахти бўлган. Бу нафақат Тошкент воҳасида, балки бутун Сирдарё водийсида ҳам антик даврга мансуб энг қадимги ва йирик шаҳар марказидир. Милод­нинг илк асрларида шаҳар пойтахтга айланиб, Чоч (хитойча Ши, Чжеши) номини олган. Бу пайтда Чотқол ва Қурама тоғ тизмаларидан олтин, кумуш, мис, чақноқ тошлар жадал қазиб олина бошлаган. Чирчиқ дарёси водийси жадал ўзлаштирилган ва Мингўрикдаги шаҳар Қанғнинг йирик савдо ҳамда диний марказига айланган.
  «Чоч» номи илк бор 262 йилда Эрон шоҳи Шопур Биринчининг ғалабаси муносабати билан битилган фатҳномада қайд этилган. Фатҳномада сосонийлар салтанати таркибига кирган шаҳарлар ва мулклар тилга олинган. Чоч номи Чочнинг ўзида зарб қилинган тангаларда ҳам, Сўғд тангаларида ҳам учрайди. Шарқшуносларнинг кўпчилиги Чоч атамаси хитой манбаларида «ши» - «тош» сифатида берилганига асосланиб, уни «тош шаҳар», «тош қалъа» деб аташган. Лекин шаҳар номининг бундай талқини ишончли эмас, чунки воҳада тошдан қурилган шаҳар девори ҳам, тошдан ясалган ўтиш жойлари ҳам бўлмаган. «Ши» - тош сўзи қурилиш материалини эмас, балки қимматбаҳо тошни ҳам билдирган бўлиши мумкин. Қадимги туркий тилда «чоч» (сес) сўзи шунчаки асл тошни эмас, балки ферузани ҳам англатади. Хитойликлар ферузани «эрон чақноқ тошлари» деб аташ­ган. Чоч тоғларида археологлар қадимги улкан феруза кони -Ўнгурликон қолдиқларини топишди. Бу конда чақноқ тошлар милоднинг дастлабки асрларидан бошлаб қазиб олинган. Буларнинг барчаси Чоч феруза тошга бой ўлка си­фатида машҳур бўлган ва бу кейинчалик унинг туркийча номи - «Тошкент»да ҳам ўз аксини топган, деб ҳисоблашга асос беради.
  Чочнинг иқтисодий ўрни қанчалик муҳим бўлганини кўрсатадиган яна бир далил милодий I—III асрларда бу давлатнинг ўз тангаларини зарб эта бошлагани билан боғлиқ-Тошкент воҳасидан топилган мингдан зиёд танга бу фикрни тасдиқлайди.
  VI асрнинг ўртасида Чоч турк ҳоқонлиги таркибига кир­ган, VII аср бошида эса воҳанинг пойтахти, афтидан, сиёсий вазият туфайли, Қанқадан Мингўрикдаги шаҳарга кўчган.
  Илк ўрта асрларда Тошкент микровоҳасида, яъни ҳозирги Тошкент ҳудудида 4 та шаҳар, 20 та қаср ва қишлоқдан иборат маъмурий ҳудуд шаклланган. Пойтахт шаҳар - Мадинат уш-Шош улар орасида марказий ўрин тутган. Мингўрик шаҳристонида харобалари сақланиб қолган бу шаҳар IX-X асрларга оид араб тилида битилган манбаларда шундай аталган. Араб алифбосида «ч» ҳарфи бўлмагани учун «Чоч» «Шош» шаклини олган.VII-VIII асрларда Мингўрикдаги шаҳар бағоят равнақ  топган. Унинг атрофида аҳолиси гавжум кенг ҳудуд юзага келган бўлиб, бу ҳудуд ҳозирги Тошкент шаҳрининг марказий қисмида жойлашган.
  Чочнинг Буюк ипак йўлидаги халқаро савдо алоқаларига фаол қўшилгани унинг маданий-иқтисодий салоҳияти ривожида беқиёс аҳамият касб этади.         
  Илк ўрта асрларда, айниқса, турк ҳоқонлиги даврида Чочда савдо муносабатлари янги босқичга кўтарилган. Бу пайтда Буюк ипак йўлининг асосий савдо йўллари Сўғд пойтахти тахти - Самарқанддан бевосита Чоч пойтахтига бориб, у ердан шарққа - Илоқнинг руда ва металлургия марказларига ҳамда ҳозирги Жанубий  Қозоғистон ва Хитой ҳудудларига қараб тарқалиб кетган.
  Археологик қазишмалар натижасида Чочда чилангарлик, заргарлик, суяктарошлик, қурилиш, кулолчилик каби ҳунармандлик турлари ривожлангани маълум бўлди. Ёзма манбаларга қараганда, Чоч қалқон, шоший эгарлар, от абзалларини тайёрлашда қўлланадиган терига ишлов бериш санъати билан ҳам машҳур бўлган. Бу ердан чарм кийим ва чодирлар товар сифатида Буюк ипак йўли бўйлаб ташилган. Миср, Қора денгиз бўйи, Хитой ва Византиядан келтирилган буюмлар ҳамда тангаларнинг топилиши Чочда савдо-сотиқ билан боғлиқ фаолият жадал ривожланганидан далолат беради.    
  Бу даврда шаҳарлар фаол равнақ топади ҳамда Шарқ ва Европа мамлакатлари, шунингдек, Танлар ҳукмрон бўлган. Хитой билан савдо алоқалари жадал ривожланади. X аср Шарқ географлари Истахрий, Ибн Ҳавқал ва Мақдисий Мовароуннаҳрнинг жуда муҳим иқтисодий минтақаларидан бири бўлган Чоч-Илоқ бойликларини ҳайрат билан тавсиф-лашган. «Туркистон ҳудудида жойлашган барча вилоятлар ичида Шошдан кўра аҳамиятлироқ биронта вилоят йўқ. Шош ва Илоқ бир-бири билан боғлиқ», деб ёзган Истахрий.
  VIII асрда араблар Чочга кириб кела бошлаган. IX-X асрларда шаҳар яна сомонийлар, XI-XII асрларда эса қорахонийлар давлатининг энг йирик иқтисодий марказларидан бирига айланади У аввалгидек Шош, Мадинат уш- Шош деб юритилган. IX-X асрларга оид араб ёзма манбаларида унинг яна бир номи Бинкат деб қайд этилган. Шаҳар ҳозирги Тошкентнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган, маркази Чорсу, Эски Жўва ва Навоий кўчалари оралиғида бўлган. Араб манбаларида таърифланишича, Бинкат йирик маъмурий ва савдо-ҳунармандчилик маркази, сувга сероб шаҳар бўлган.     
  IX-X асрларда Бинкат иқтисодий жиҳатдан жадал юксалиб, XI асрга келиб жуда равнақ топади. Европадан Хитойгача асосий савдо алоқалари Шош орқали амалга оширилган. Чотқол ва Қурама тоғларидаги конлардан айнан шу даврда руда фаол қазиб олинган ва бу темирчилик ривожига кўмаклашган. Кумуш шу қадар жадаллик билан қазиб олинганки, кумуш танга - дирҳамлар шаҳарлардагина эмас, балки конлардаги зарбхоналарда ҳам зарб қилинган ҳамда савдо йўллари орқали Ғарбий Европа ва Скандинавиягача етиб борган.
  Араб сайёҳлари, географлари ҳамда тарихчилари Истахрий, Ибн Ҳавқал ва Мақдисий гиламдўз, шишасоз, шойи тўқувчи усталар, айниқса, кулоллар санъати ютуқларини юқори баҳолашган. Шошда ўта ранг-баранг эпиграфик, ҳандасавий, ислимий, зооморф безаклар билан ажралиб турган сиркор сопол буюмлар тайёрланиши натижасида IX-X асрларда уй-рўзғор идишлари чинакам исломий санъат намунаси даражасига кўтарилган.
  Шошнинг пойтахти, аввал маълум бўлган Бинкат номи билан бир қаторда, «Тошканд» номи билан илк бор X аср охирида Абу Райҳон Беруний асарида қайд этилган. XI асрнинг иккинчи ярмида «Тошканд» номи буюк қомусий аллома Маҳмуд Қошғарий асарида учрайди. Шош сўзи эса XVIII асргача Тошкент номи билан баробар ишлатиб келинган.
  IX асрнинг охири - X асрнинг бошидан Тошкент ислом маданиятининг йирик маркази сифатида ривожланиб, бу заминдан буюк ислом уламолари етишиб чиқа бошлайди.
 
  Тошкентда туғилиб ўсган, Ҳазрати Имом номи билан шуҳрат топган, фиқҳ ва ҳадисшуносликка оид асарлари бутун мусулмон оламида ҳозирга қадар ҳам машҳур бўлиб келаётган Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший (976-977 йилда вафот этган) шундай алломалардан биридир.
  X асрда Шошда ислом маданиятининг яна бир намояндаси - Хўжа Аламбардор (Расулуллоҳнинг байроқдори)дир. Шунингдек, бу ер да мусулмон илоҳиёти соҳасида бутун бир мактаб иш олиб боргани ҳақида маълумотлар бор.
  Ўша даврда Бинкатда ҳам, бошқа мусулмон мамлакатларидаги сингари, ислом анъаналари руҳидаги монументал меъморий иншоотлар қурила бошлайди. X асрда Истахрий ва Ибн Ҳавқал шаҳарнинг бош жоме масжиди арк девори яқинида жойлашганини қайд этган. X асрдан бошлаб шаҳарда машҳур уламолар, “шайх ва имомлар қабрига дастлабки мақбаралар   қуришга   киришилади.   Ўрта   асрларда шаҳар атрофидаги қишлоқларда ҳам азиз-авлиёлар қабрлари негизида меъморий мажмуалар юзага келади.
  Тошкентнинг ғарбида,   шаҳар ташқарисида   жойлашган   Кўйи   Орифон  (Донишмандлар    маҳалласи) шундай қишлоқлардан бири эди. Шайх Зайниддин бобо номи шу қишлоқ билан боғлиқ. 1214 йилда таваллуд топган аллома тасаввуфдаги суҳравардия тариқатининг асосчиси шайх Шаҳобиддин Абу Хожа Суҳравардийнинг фарзандидир. Ривоятларга кўра, Шайх Зайниддин бобо ҳозир   ҳам   сақланиб   қолган чиллахонада умргузаронлик қилган. Вафотидан сўнг қабри устига чортоқ қурилган. Бинкат ва Тошкент IX-X асрларда мусулмон маданий қадриятлари тизимига шу тариқа узвий равишда кўшилган.
  Сирдарё бўйидаги бошқа шаҳарлар қатори мўғуллар томонидан ғоят шафқатсизлик билан вайрон қилинган Тошкент XIII асрнинг ўрталарига келиб тиклана бошлайди Савдо муносабатларининг жонланиши ва зарбхоналар фаолиятининг йўлга қўйилгани шундан далолат беради.
  Мовароуннаҳрда марказлашган давлатга асос солган Соҳибқирон Амир Темур шимолга юришлари пайтида Тошкентга бир неча бор келган. Унинг давлат сиёсатида Сирдарё бўйидаги шаҳарлар салтанат сарҳадларининг таянч истеҳкомларига айланган. Бу минтақада деҳқончилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, шаҳарлар, жумладан Тошкентнинг мудофаа деворларини тиклаш ёки қайта қуриш ҳамда қўшимча қалъалар барпо этишга алоҳида эътибор берилади. Соҳибқирон Тошкентда сўнгги бор 1404 йилда бўлади. Бундан аввал у улкан салтанатининг шимоли-шарқий улусларини набиралари - Шоҳруҳнинг ўғилларига тақсимлаб беради. Сирдарё бўйидаги шаҳарлар ва маркази Тошкент бўлган ҳудуд алоҳида вилоятга ажратилиб, тўққиз яшар Муҳаммад Тарағай Улуғбекка улус қилиб бе­рилади. Соҳибқирон вафотидан кейин Мовароуннаҳрнинг шимоли-шарқий дарвозаси бўлиб хизмат қилган Тошкент Улуғбекка бўйсундирилади, XV аср охирида эса темурий шаҳзода Умаршайх, сўнг Юнусхон тасарруфига ўтади.
  XVI аср бошида, аниқроғи, 1503 йилдан бошлаб Тош­кент, Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари сингари, Шайбонийхон томонидан фатҳ этилади. У Жонибек султонни Тошкент ҳокими этиб тайинлайди. Кейинчалик шаҳарни Улуғбекнинг набираси Суюнчхўжахон (1509-1524) бошқаради. Шаҳар унинг авлодлари қўлида Абдуллахон II ҳукмронлик қилган давргача (1557-1598) қолади. Абдулла­хон II Тошкентни 1582 йилда, еттинчи бор юришдан кейингина қўлга киритади.
  XIV-XVI асрларда Тошкент шаҳристон девори билан ўраб олинган арк ва шаҳар атрофидан иборат эди. Шаҳардаги кўплаб монументал иншоотларнинг барпо этилиши нақшбандия тариқати вакили, ўз даврининг нуфузли сиёсий ва диний арбоби шайх Хожа Аҳрор Валий номи би­лан боғлиқ. Тарихий маълумотларга кўра, аллома шаҳар жоме масжидидан ташқари, иккита масжид ва мадраса, Кўкчадаги Кўнчилик маҳалласида кўприк қурдирган.
  Ҳунармандчилик шаҳар ҳаётида жуда муҳим ўрин тутган. Ҳунармандлар, анъанага кўра, маҳалла ва бозорлардан қайси касб-корга мансублигига қараб жой эгаллашган. XIX асрда шаҳарда Дегрез (қозон қуювчи), Мискарлик, Парчабоф, Эгарчи, Чархчи, Темирчилик, Заргарлик сингари маҳаллалар бўлгани ҳам буни тасдиқлаб турибди.
  Шаҳарда маҳаллий ҳунармандлар тайёрлаган буюмлардан ташқари, Хитой, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан келтирилган ҳамда бу ердан савдо-сотиқ жўшқин бўлган Олтин Ўрдага олиб кетиладиган моллар кўп бўлган.
  Темурийлар даврида Тошкент атрофида қўрғонлар, боғ-роғлар билан бирга, муқаддас мақбаралар атрофида меъморий мажмуалар ҳам барпо этилган. Соҳибқироннинг кўрсатмаси би­лан XIV аср охирида Шайх Зайниддин бобо қабри устидаги чортоқ ўрнида муҳташам мақбара қад ростлайди, шунингдек, XIV асрда Тошкент яқинида Ойхўжа ибн Тошхўжа - Зангиота ва унинг умр йўлдоши Анбар биби мақбараларини ўз ичига олган ёдгорлик мажмуаси барпо этилади.
  Шайх Хожа Аҳрор Валий ҳомийлигида Тошкент шаҳрининг шарқий чеккасида ул зотнинг бобокалони Шайх Хованд Тоҳур (вафоти - 1359 й.) мақбараси барпо этила бошланади. XV асрнинг охи­рида Тошкент ҳукмдори Юнусхон шарафига барпо этилган ёдгорлик билан бирга у яхлит мажмуа кўринишига эга бўлади.
  Тошкент Амир Темур ва темурийлар давридаги маданият, илм-фан, адабиёт ва санъат соҳаларининг ривожига бетакрор ҳисса қўшади. XIV асрда бу заминда атоқли аллома ва хаттот Жамшид Шоший туғилиб, камол топиб, яшаб ўтади. XV асрнинг буюк шоири ва мутафаккири, ўз даврида бу заминда бўлган Абдураҳмон Жомий тошкентлик шоир ва санъаткорлар билан доимий фикр алмашиб турган.
  Шундай қилиб, Амир Темур ва темурийлар замони Тошкент тарихида иқтисодий ва маданий юксалиш даври бўлиб қолган.
  Аштархонийларнинг Бухоро хонлигида ҳокимият тепасига келиши ҳам жанглар билан кечади. Бу эса хонлик, жумладан, Тошкент иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Вайрон этилган суғориш тармоқлари, бузилган девор ва бинолар шаҳар аҳлининг фидокорона меҳнати ва қатъияти туфайлигина қайта қурилади, вайрон бўлган хўжалик тикланади.
  Шаҳар ва унинг атрофида Зах (Зоғариқ, Золариқ), Кайковус (кейинчалик у Бўзсув, айрим маълумотларга кўра, Барзун деб ҳам аталган) ва Салор (Хожа Аҳрорнинг вақф ҳужжатларида Рудак деб номланган) каналлари қазилиб, ишга туширилади.
  Шаҳар атрофида боғ-роғлар, узумзорлар, гулзорлар барпо этилади. Зайниддин Восифий бу боғларда олма, нок, беҳи, шафтоли, анор, анжир, узум каби ширин-шакар мевалар ўсиши, ариқлар бўйида бинафшалар барқ уриб гуллаб ётишини қайд этган.
  XVI асрнинг 40-йилларида бу ҳудудда феруза конлари вақти-вақти билан ишлаб турган. Шу даврда ва кейинги асрларда бу ерда тошкўмир, туз, қора мармар қазиб олинган. Аҳоли Чирчиқ дарёси қумидан олтин ажратиб олиш билан ҳам шуғулланган.
  Савдо алоқалари қисқариб кетганига қарамай, Тошкентда шаҳарсозлик ва меъморлик давом этади. XVI асрнинг энг йирик меъморий иншоотларидан бири Ҳазрати Имом (Ҳастимом) ёдгор­лик мажмуасидир. Мажмуа ҳудудида жойлашган ва XVI асрнинг иккинчи ярмида Бароқхон мадрасаси таркибига кирган Суюнчхўжахон мақбараси улуғворлиги ҳамда ҳашаматли безаклари билан машҳур. Бароқхон мадрасаси Суюнчхўжахоннинг ўғли Наврўз Аҳмадхон шарафига қурилган. Шу даврнинг ўзида Ҳазрати Имом қабри устида мақбара қад кўтарган, XVIII асрда эса унинг қаршисида Ҳазрати Имомнинг авлоди шайх Бобоҳожи мақбараси барпо этилган. Бу мақбара сақланиб қолмаган.
  Таъкидлаш керакки, Ҳазрати Имом мажмуаси 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан бутунлай қайтадан барпо этилди ва обод қилинди.
  XVI асрнинг 60-йилларида Тошкентнинг ҳозирги Эски шаҳар қисмида Кўкалдош мадрасаси қурилади. Мадрасанинг меъморий ечимида миллий мумтоз меъморчилигимизга хос хусусиятлар алоҳида ўрин тутади.
  XVI-XVII асрлардаги ўзаро урушлар, кўчманчи қабилаларнинг ҳужумлари, босқин ва талон-торожлар шаҳарнинг иқтисодий ва маданий ривожини тўхтатиб қўяди ва унинг инқирозига сабаб бўлади.
  Айниқса, XVIII асрнинг боши оғир ва нотинч бўла­ди. Бироқ аср охирига келиб шаҳар ҳаёти янгитдан тиклана бошлайди. Тошкентда шу даврда Шарқ халқлари ҳаётида илгари кузатилмаган ноёб идора тизими - чорҳокимлик - тўрт ҳоким бошқаруви юзага келади. Шаҳарнинг тўрт даҳаси - Себзор, Кўкча, Шайхонтоҳур ва Бешёғоч даҳасининг ҳар бирини алоҳида ҳоким бошқарар эди. Ҳокимлар ўртасидаги рақобат ва курашда Шайхонтоҳур даҳаси бошлиғи Юнусхўжанинг қўли баланд келиб, у бутун шаҳарни ўзига бўйсундиради, пировардида Тошкент давлатини тузади. Бу давлат сиёсий-иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаб, ҳатто, ўз ҳудудини кенгайтириш учун кураш ҳам олиб боради.
  Бу пайтда Кайковус ариғи Тошкентнинг шимолий чегара­си ҳисобланар, шарқий чегараси Анҳор суви бўйлаб ўтар, жанубий сарҳади Бешёғоч майдонидан Самарқанд дарвоза кўчаси орқали Кўкчагача давом этар эди. Шаҳарнинг ғарбий чегараси Кўкчадан бошланарди. XVIII асрда ана шу ҳудуд доирасида жойлашган шаҳар «Катта шаҳар» деб аталган ва мустаҳкам девор билан ўраб олинган.
  Бироқ шундай мустаҳкам деворга эга бўлсада, Тошкент Қўқон хонлигининг ҳужумларига дош беролмайди ва унинг тасарруфига ўтади. Айни маҳалда халқаро савдо маркази сифатида нисбий мустақилликни сақлаб қолади. Шаҳарда карвонсаройларнинг кўп бўлгани ҳам шундан далолат беради.
 
“Тошкент - 2200”: китоб-альбом, Тошкент:Ўзбекистон, 2009


Печать 17 Март 2010 Ўқилди: 3839


Инновацион ғоялар ярмаркасига хуш келибсиз!
Ўзбекистон ва Польша Президентлари бир-бирларини қутладилар
Сайтда фойдаланувчилар сони: 623
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 Ҳолати

   

      I – Чорак 2017 - йил

     

      II – Чорак 2017 - йил     

     

       III – Чорак 2017 - йил     

   

IV – Чорак 2017 - йил     

   

Кирувчи

8

 

 

 

Ижрода

1

 

 

 

Ижроси таъминланган

7

 

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар