toshkent.uz Toshkent.Uz - Тошкент 1860-1990 Йилларда
Фотогалерея
Видеогалерея
Тошкент 1860-1990 йилларда

  Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликлари ўртасида ўзаро уруш ва жанжалларнинг тинимсиз давом этиши натижасида XIX асрнинг ўрталарида минтақа халқлари ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий инқироз янада кучаяди. Чор Россиясининг минтақани эгаллаш борасидаги режаларини амалга ошириши, жумладан, Қўқон хонлигини босиб олиши учун қулай шароит вужудга келади. Бу пайтда Тошкент минтақадаги асосий маданий ва иқтисодий марказлардан бири бўлиб, нафақат қўшни давлатлар - Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги, балки Хитой, Афғонистон, Ҳиндистон ва Россия билан ҳам савдо-сотиқ олиб борар эди. Ўша даврда шаҳарнинг умумий майдони 30 квад­рат километрдан иборат эди. Унинг 12 та дарвозаси - шимоли - шарқда - Лабзак ва Қашқар, шарқда - Қўқон, Қўймас ва Бешёғоч дарвозалари, жануби-шарқда - Камолон, жанубда - Самарқанд, ғарбда - Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой, шимолда эса Тахтапул дарвозалари бўлган.

  Шаҳар аҳолиси сони 100 минг кишига яқин бўлиб, Бўзсув каналидан сув ичган, бу каналдан 12 та ариқ ажралиб чиққан. Бу вақтда Тошкентда 450 тага яқин масжид, 10 та Мадраса бўлган. Қўқон хони томонидан тайинланадиган бек шаҳарни бошқарган, мингбошилар, тўрт даҳа бошлиқлари унга бўйсунган. Ҳар бир даҳа юзбошилар бошқарадиган кўплаб маҳаллаларга бўлинган. Ҳар бир маҳаллада 50 тадан 150 тагача оила истиқомат қилгани XIX аср манбаларида қайд этилган.
  Тошкентдаги энг йирик савдо марказлари Эски Жўва, Чорсу, Регистон ва Каппон бозорлари бўл­ган. Эски шаҳар марказида жойлашган Регистон бозори 26 қисмга бўлиниб, шаҳарнинг ҳар бир дарвозаси билан кўчалар орқали боғланган. Бундай тузилиш ички ва ташқи савдонинг ривожланиши учун яхши имконият яратган.
  Шаҳарда асосан кундузи савдо-сотиқ қилинган. Бироқ «Тарихи жадидайи Тошканд» асари муаллифи Муҳаммад Солиҳ Қори Тошкандий (XIX аср) таъкидлаганидек, рамазон ойида ва ҳайит кунлари тунда ҳам савдо қилинган. Боғлар ва далалар, асосан, ҳовлилардан оқиб ўтган, озода сақланган ариқлардан суғорилган.
  Бу пайтда бадиий ҳунармандчиликнинг асосий турлари - кулолчилик, кандакорлик, заргарлик санъати, ёғоч ва терига бадиий ишлов бериш, эгарчилик, тўқувчилик, гиламдўзлик ривожланади.
  Маълумотларга кўра, XX аср бошида Тошкентдаги кулоллар устахоналари шаҳарнинг Бешёғоч ва Кўкча даҳаларида жойлашган. Шаҳарда кандакор-мискарларнинг 14 та дўкони бўлиб, уларнинг буюмлари йирик монументал нақшлари билан ажралиб турган. Кўпчилиги бадиий ўймакорлик билан шуғулланган дурадгорларнинг 20 га яқин дўкони Бешёғоч даҳасида, Чорсу маҳалласида жой­лашган. XIX асрда ва XX аср бошида тошкентлик каштачи, тўқувчи, матога гул босувчи усталар, гиламдўз ва кигизчилар тайёрлаган буюмлар Туркистонда донг таратган.
  Тошкент қўшни давлатлар билан савдо алоқалари олиб бориладиган асосий маданий ва иқтисодий марказлардан биригина бўлиб қолмай, балки давлатлар муносабатларида стратегик жиҳатдан муҳим жой бўлгани чоризм қўшинлари томонидан Қўқон хонлигига ҳужум қилиниб, унинг босиб олиниши сабабларидан бири бўлди. Генерал М.Черняев томонидан Тошкентни эгаллаш учун 1864 йил 27 сентябрдаги илк уриниш муваффақиятсиз тугайди. Тарихчи Тошкандийнинг маълумотларига кўра, Эшон Қорабошхўжа бошчилигидаги шаҳар оқсоқоллари Эшонқулидодхоҳ мадрасасига тўпланиб, шаҳарни мудофаа этишга азму қарор қилишади. Кўшини билан Қўқондан ёрдамга етиб келган Мулла Алимқул чор лашкарига қақшатқич зарба беради, натижада душман Чим­кент томонга чекинишга мажбур бўлади.
  Тошкент 1865 йили иккинчи бор ҳужумга учраган пайтда шаҳарда Мулла Алимқул раҳбарлигида 6 минг кишилик қўшин тўпланган эди. Шаҳар турли мудофаа иншоотлари билан мустаҳкамланади. 3 минг кишилик қўшин шаҳардан 25 километр шимоли-шарқда, Чирчиқ бўйида, Бўзсув канали бошланадиган ерда жойлашган Ниёзбек истеҳкомини мудофаа қилади. Бироқ чор аскарлари яхши қуролланган эди. Черняев Тошкентни таслим бўлишга мажбур этиш учун ҳийла ишлатиб, Бўзсув ариғини тўсиб, шаҳарни сувсиз қолдиради.
  Чор қўшини 1865 йил 28 апрелда Ниёзбек қалъасини эгаллайди ва у ерда мустаҳкамланиб олади, 7 май куни Тошкентга яқинлашади. 9 май куни шаҳардан 8 километр ичкарида, Шўртепа яқинида, чор қўшини ўтов тиккан жойда жанг бошланади. Қаҳрамонларча жанг қилган Алимқул шу куни қаттиқ яраланиб, тез орада вафот этади. Лашкарбошисидан маҳрум бўлган Қўқон гарнизони рус қўшинларининг жадал ва қаттиқ сиқувидан сўнг чекина бошлайди.
  Черняев Чиноз қишлоғи яқинидаги Сирдарё орқали ўтадиган кечувни қўлга олади. Тошкент қамал  42 кун давом этади. Шиддатли кўча жангларидан сўнг 16 июнь куни кечга томон шаҳар мудофаачиларида таслим бўлишдан бошқа иложи қолмайди. 1865 йил 29 августда Тошкент Россия империяси таркибига қўшиб олингани расман эълон қилинади.
  1867 йил 11 июлда Туркистон генерал-губернаторлиги тузилади. Бу пайтга келиб рус қўшинлари Хўжанд, Ўратепа ва Жиззахни босиб олади. Туркистон    генерал-губернаторлиги ҳудуди Сирдарё ва Еттисув   вилоятларидан ташкил топади. 1868 йилда Самарқанд ви­лояти генерал-губернаторлик таркибига олинади.  Тошкент генерал-губернаторлик ва Сирдарё вилояти маркази бўлиб қолади. Шу йилнинг ўзида Анҳорнинг сўл соҳилида шаҳарнинг янги қисми қурилиши бошланади ва кейинчалик у ерда чор амалдорлари, офицерлар ҳамда рус аҳолиси вакиллари истиқомат қила бошлайди. Шу пайтдан этиборан Тошкент Эски ва Янги шаҳар деган номлар билан иккига бўлинади.
  Туркистон   ўлкасини   бошқариш   тўғрисида 1867 йилда қабул қилинган низомга кўра, ўлкада ҳокимият чор ҳарбий маъмурияти томонидан амалга оширилар, маҳаллий аҳолини бошқариш эса волост бошқарувчилари сайланар эди. Тошкент, аҳолиси кўп бўлгани ва савдода алоҳида ўрин тутгани учун, бевосита Сирдарё ҳарбий губернаторига бўйсунарди. Унга ҳарбий губернатор томонидан тайинланган шаҳар бошлиғи раҳбарлик киларди. 1877 йилда Тошкентда шаҳар хўжалиги ишлари бўйича низом жорий этилади. Шаҳар хўжалиги ишларини Дума бошқара бошлайди. Дума таркибига овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 72 нафар сайланади. Шу пайтдан бошлаб Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида европача меъморий услубга асосланган лойиҳалар бўйича иморат-қурилади. Лекин Эски шаҳар ўзгаришсиз қолаверади.
  1897 йилги аҳолини умумий рўйхатга олиш маълумотларига    кўра,   Тошкентнинг доимий аҳолиси 155773 киши бўлган, шундан 88214 нафарини эркаклар, 67559 нафарини аёллар ташкил этган. 1904 йилга келиб аҳоли сони 170 кишига етади. Шундан 40 минг нафари Янги шаҳарда яшар эди.
  Янги     шаҳарга     асос     солинган     дастлабки кунларданоқ у ерда бир қатор савдо ва саноат муассасалари очилади. Хорижий ва маҳаллий caвдогарлар ҳамда ишбилармонлар озиқ-овқат ва атторлик дўконлари, саноат корхоналари, жумладан, aроқ ва пиво заводлари, тамаки, гугурт ва макарон фабрикалари, йирик тегирмонлар, совун ва ғишт заводлари оча  бошлайди. Қишлоқ  хўжалик хомашёсини қайта ишлаш корхоналари очилади. Уларнинг маҳсулотлари метрополияга олиб кетилар эди. Чор империяси учун пахта алоҳида аҳамиятг касб этарди. Шу боис ўша даврдан бошлаб Туркистон пахта яккаҳокимлигига асос солинади.
  XX аср бошида отларга қўшиладиган темир транспорт воситаси - конка пайдо бўлади. 1899 йилда Самарканд - Андижон темир йўли Тошкентга қадар етказиб қурилади. Бу темир йўл Тошкентни Каспий соҳиллари билан боғлайди. Оренбург  кент темир йўли қурилиши бошлангач эса, шаҳар ўлканинг энг гавжум ҳудудларидан бирига айланади.
  Шундай килиб, XIX асрнинг иккинчи ярми - 3 асрнинг бошида зиддиятли ҳодисалар бўлиб ўтади: капитализмнинг шитоб билан кириб келиши натижасида Туркистон метрополиянинг хомашё манбасига айланиб, унинг иқтисодий қолоқлиги янада кучаяди. Чор ҳукумати томонидан туб аҳоли манфаатларини ҳисобга олмасдан сиёсат юритилиши, миллий бойликларнинг жадал ўзлаштирилиши натижасида оддий халқнинг аҳволи оғирлашиб бораверади. Зарур ҳуқуқий кафолатнинг йўқлиги туфайли маҳаллий, шу жумладан, тошкентлик ишбилармонлар касодга учрайди. Ҳунармандлар фабрика ва завод билан рақобатга дош беролмай хонавайрон бўлади.
  Чор ҳукумати ерсиз деҳқонларни Россиядан Тукистонга режали равишда кўчириб келтира бошлайди. XIX асрнинг 90-йиллари бошида келтирилганлар сони 160 минг нафардан уларнинг 13 фоизи шаҳарларда, 87 фоизи эса янги тузилган 116 та шаҳарчада ва темир йўл станциялари атрофида яшар эди.
  XX аср бошида 750 мингга яқин деҳқон, казак шаҳар камбағаллари Туркистонга кўчириб келтирилади, уларга маҳаллий аҳолидан тортиб олинган 600 минг десятина суғориладиган ва 2 миллион десятина суғорилмайдиган ер ажратиб берилади. Кўчириб келтирилганларнинг кўпчилиги Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида истиқомат қилади.
  Таълим-тарбиявий ва диний, муассасалар , маъмуриятининг   алоҳида   назоратига   олинган эди. Вақфлар бекор қилинади. Буларнинг барчаси охир-оқибатда халқнинг норозилигига сабаб бўлди. Туркистоннинг бошқа кўплаб шаҳарларида бўлгани каби, Тошкентда ҳам чор империясининг мустамлака сиёсатига қарши кўзғолонлар бир неча бор кўтарилади. Масалан, 1892 йилда «Вабо исёни» деб ном олган қўзғолон бўлиб ўтади. Исён бостирилиб, тошкентлик 97 нафар киши судга тортилади.
  Биринчи жаҳон уруши йилларида - 1916 да подшонинг фронт орти ишларига сафарбар қилиш тўғрисидаги фармонига қарши қўзғолон кўтарилади. Тошкентда бошланган қўзғолон Жиззах Фарғона ва ўлканинг бошқа вилоятларида давом этди. Бироқ, ҳатто, қўзғолондан кейин ҳам, фронт орти ишларига, шунингдек, ҳарбий заводларга Туркистондан 123 минг киши жўнатилади. Чор маъмурияти 3 минг кишини судга тортади, улардан 1588 нафари қатл этилади ҳамда турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
  Илғор миллий зиёлилар қолоқлик ва жаҳолатдан халос бўлишнинг бирдан-бир йўли халқни уйғотиш,   уни   маърифат билан қуроллантиришдан иборат эканини англаган ҳолда, XIX аср охири - ХIХ аср бошида жадидчилик ҳаракати ташаббускори бўлиб чиқишади. Бу ҳаракатга Махмудхўжа Беҳбудий билан бирга тошкентлик таниқли жамоат ва сиёсат арбоби Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлик қилади. Халқ орасида ўз билим маърифати билан обрў-эътибор топган Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев, Саидрасул Саидазизов ва бошқалардан иборат   тошкентли илғор зиёлилар янги усул мактаблари очиш, дарсликлар яратиш, театр гуруҳлари, маърифатчилик жамиятлари тузиш, газеталар нашр этиш ишига бошчилик қилади. Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов томонидан очилган биринчи мактаб «Намуна» мактаби деб аталар эди. 1910 йилга келиб Тошкентда жами 11 мактаб иш олиб боради.
  Бу ерда 1905-1906 йилларда «Тараққий» (муҳаррири Исмоил Обид), «Хуршид» (муҳаррири Мунавварқори Абдурашидхонов), 1907-1908 йил­ларда «Шуҳрат» (муҳаррири Абдулла Авлоний), «Осиё» (муҳаррири Аҳмаджон Бектемиров) каби газеталар нашр этилади. Тошкентлик машҳур тадбиркор Саидкозимбой ўғли Саидкаримбой «Туж-жор» газетасини нашр этади.
  Тошкент 1917 йил октябрь ойида, большевиклар томонидан амалга оширилган ҳокимият тўнтариши арафасида ва ундан кейин Туркистон ҳаётидаги шиддатли сиёсий воқеалар марказига айланади. Ҳокимият большевиклар томонидан қўлга олингач, Туркистон миллий маърифатпарварлари Қўқон шаҳрида озод республика - Туркистон мухтория­ти тузилганини эълон қилишади. Тошкент аҳолиси Туркистон муҳториятини биринчилар қатори қўллаб-қувватлаб, 1917 йил 13 декабрда митингга чиқади. Бироқ митинг большевиклар томонидан тарқатиб юборилади, унинг иштирокчилари ўққа тутилади. Тез орада Туркистон муҳторияти ҳам большевиклар томонидан тор-мор қилинади.
  1924 йилда, Ўзбекистон ССР ташкил этилгач, пойтахт Самарқанд шаҳрига кўчирилади. 1930 йилдан бошлаб Тошкент яна Ўзбекистон пойтахтига айлантирилади. Совет ҳокимияти амалга оширган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, жумладан, индустрлаштириш, қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш бутун республика сингари шаҳарнинг ривожланишига ҳам салбий таъсир қилади.
  Сталин пахта мустақиллигига эришиш шиори остида республикани буткул пахта даласига  айлантиришга қаттиқ ҳаракат қилади. 1937 йилдаёқ Ўзбекистонда етиштирилган   қишлоқ маҳсулотлари орасида пахта 93,4 фоизни ташкил қилган. Бу ўзбек деҳқонлари, шу жумладан Тошкент вилояти деҳқонларининг турмуш тарзига ҳалокатли таъсир кўрсатади. Халқ истеъмол қиладиган   маҳсулот   ишлаб   чиқарадиган тармоқларнинг заифлашуви, индустрлаштиришнинг жадал бориши туфайли ишчилар меҳнат ҳақининг пасайиб кетиши, Марказнинг  ресурсларга нисбатан истеъмолчилик нуқтаи назаридан муносабатда бўлиши республика ва унинг пойтахтининг шаклланиб келаётган янги индустриал қиёфасида салбий из қолдиради.
  30-50-йиллардаги сталинча қатағонлар оқибатида Торшкент ўзининг  қанчадан-қанча тадбиркор ва ишбилармон фарзандларидан маҳрум бўлади, пойтахтдаги энг илғор ижодкор зиёлилар - олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткор маданият намояндалари қатағон қилинади. 30 йилларда энг истеъдодли адабиёт намояндалари - Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Шокир Сулаймон, Боту, Элбек ва бошқалар халқ душмани деб эълон қилинади. Шундан кейинги йилларда Иттифоқ раҳбарияти СССРнинг жаҳон бозорига боғлиқлиги қаттиқ сезилиб турган, шунингдек, марказий минтақаларни зарур саноат хомашёси билан таъминлашга хизмат қиладиган тармоқларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Натижада Ўзбекистон марказ учун арзон хомашё манбаи бўлиб қолаверди. Қайта ишлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалик хомашёсини дастлабки қайта ишлаш тармоқлари машинасозлик соҳасидаги кўрсаткичлар республикада умумиттифоқ кўрсаткичидан бир неча баробар камлигича   қолаверди.   Саноат корхоналарининг асосий қисми - 81,7 фоизи Иттифоқ қарамоғида эди. Бундан ташқари, индустрлаштириш жараёнида миллий ҳунармандчилик соҳасида кўплаб анъанавий ишлаб чиқариш тузилмалари тугатиб юборилгани маълум бўлди.
  Шаҳарнинг коммунал таъминоти жуда паст даражада эди. 1937 йилги архив маълумотларига кўра, Эски шаҳарда 80 га яқин маҳаллага сув ва газ қувурлари, канализация тармоқлари ўтказилмаган эди. Ҳатто, 1986 йилда ҳам Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги хонадонларнинг бор-йўғи 58,7 фоизигина водопровод суви билан таъминланган.
  1938 йилда сиёсий жиҳатдан ишончсиз деб қатағон қилинган 20 мингдан зиёд аҳоли Тошкентдан кўчириб юборилган. Шаҳарни «тозалаш» кейинги йилларда ҳам давом эттирилган. 40-йилларнинг охири, 50-йилларнинг бошида маънавият соҳасида қатағонлар янгитдан бошланиб кетади. Ўзбекистон, шу жумладан, Тошкент зиёлиларининг кўзга кўринган вакиллари Ойбек, С.Абдулла, Т.Тўла, Миртемир, Ҳабибий, олимлардан Ҳ.Аб-дуллаев, Ҳ.Зарифов, И.Султонов ва бошқалар турли мафкуравий таҳдидларга дучор этилади, М.Шайхзода, Ҳамид Сулаймон, Саид Аҳмад, Шухрат каби ёзувчи ва шоирлар қатағон қилинади.
  Бироқ шундай қийин шароитда ҳам, халқнинг сабр-тоқати, фидокорона меҳнати, ижодкорлик салоҳияти туфайли шаҳар ривожланиб борди. Янги-янги саноат корхоналари - тўқимачилик, тамаки, пойабзал фабрикалари, Бўзсув, Бўржар, Қодирия гидроэлектр станциялари барпо этилди.
  Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Тош­кентнинг сиёсий-стратегик аҳамияти янада кучайди. Ўзбекистонлик 1 миллион 433230 нафар киши уруш жанггоҳларида қон кечди. 1941 йилнинг декабридан 1942 йилнинг мартигача Ўзбекистонда 14 та миллий дивизия тузилди. Республикада тузилган кўплаб ҳарбий бўлинмалар ҳал қилувчи операцияларда жуда фаол қатнашиб, Берлинга қадар жанг қилиб борди.
  Фашистларга қарши жанг қилган ўзбекистонлик жангчилардан 450 мингга яқини ҳалок бўлди ва бедарак кетди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, бу машъум уруш туфайли энг камида тўрт юз минг оила бевосита айрилиқ азобига дучор бўлган. Уларнинг қариндош-уруғларини ҳам ҳисобласак, бутун мамлакат аҳолиси урушдан азият чеккан.
  Уруш йилларида шаҳар ҳудудига собиқ СССР-нинг бошқа минтақаларидан кўчириб келтирилган 100 дан зиёд корхона жойлаштирилди. 1941 йилнинг декабрида Тошкентда 137 та корхо­на ишлаб турган бўлса, улардан 64 таси ҳарбий маҳсулот тайёрлар эди.
  Бу даврда шаҳарда 7650 ўринли 20 га яқин госпи­таль очилди. Кўчириб келтирилган болалар уйлари ва болалар гуруҳлари учун энг яхши бинолар ажратилди. Тошкентлик аёлларнинг даъвати би­лан кўчириб келтирилган болаларни фарзандлик­ка олиш бўйича оммавий ҳаракат бошланди.
  Ўзбекистонга жами 1 миллионга яқин киши, шу жумладан, 200 минг бола кўчириб келтирилди. Улардан 20 мингдан зиёди шаҳардаги болалар боқчаларига жойлаштирилди, 2323 нафар бола оилалар томонидан фарзандликка олинди. Тошкентда бир ойнинг ўзида - 1941 йил 1 ноябрдан 1 декабргача - корхона ва ташкилотлар билан бирга кўчириб келтирилган 37,6 минг киши, шу жумладан, 11536 ишчи ва хизматчи жойлаштирилди. Тошкентга 1941-1943 йилларда кўчириб келтирилганлардан ишга жойлаштирилганларнинг умумий сони 240 минг нафарга етган эди.
  Уруш йилларида Тошкент халқ хўжалиги, фан ва маданиятнинг барча соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган йирик марказга айланди. Бу ерда СССР Фанлар академиясининг 375 нафар йирик олими ва илмий ходими иш олиб борди. 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил этилди, шаҳарда 23 та илмий-тадқиқот му-ассасаси, шу жумладан, Бутуниттифоқ пахтачилик илмий-тадқиқот институти, Ўрта Осиё ирригация институти иш олиб борди.
  Урушдан кейинги йилларда Тошкент ҳудуди кенгая бошлади. 1946 йилга келиб у 130 квадрат километрни ташкил этди. 1966 йил 26 апрелда руй берган кучли зилзила туфайли шаҳардаги кўплаб саноат корхоналари, маданий, тиббий, коммунал-маиший муассасалар, мактаблар вайрон бўлди ҳамда шикастланди. Республика аҳлининг бир ёқадан бош чиқариб қилган фидокорона меҳнати ва турли халқларнинг яқиндан берган ёрдами ту­файли зилзила оқибатлари 3,5 йил ичида тугатилди. Янги Чилонзор, Қорақамиш, Қорасув тураржой массивлари ва микрорайонлари барпо этилди. Зилзиладан кейин Тошкент аҳолисининг ижтимоий ва миллий таркиби жиддий ўзгарди. 1966 йилда мамлакатнинг Европа қисмидан кўчиб келганлар ҳисобига Тошкент аҳолиси сони икки баробар ошди. Шу йилларда, коммунистик мафкура тазйиқи ва собиқ Марказнинг мустабид сиёсатига қарамай, Тошкент шаҳрининг маданий ва маънавий ҳаётида муайян ютуқлар қўлга киритилди.
  Тошкентда 60-70-йилларда Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Мутал Бурҳонов, Юнус Ражабий,  Я.Козловский ва бошқа таниқли шоир, ёзувчи ҳамда бастакорлар билан бир қаторда Сайд Аҳмад, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Озод Шарафиддинов сингари кейинги авлод вакиллари ҳам самарали ижод қилишди. Бу пайтда Ўзбекистон ранг тасвир санъатида  ҳам турли мактаблар шаклланди ва бу ижодий жараённинг маркази Тошкент шаҳри эди. Етакчи миллий рассомларнинг кўпчилиги ўз ижодий йўлини айнан шу ердан бошлади.
  1925 йилда Тошкентда «Шарқ Юлдузи» кинофабрикаси (1936 йилдан буён «Ўзбекфильм» киностудияси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда) таш­кил қилинди ва киноматография фаолияти учун миллий кадрлар тайёрлана бошлади.
  Европача шаклдаги ўзбек драма театрининг юзага келиши ҳам Тошкент билан боғлиқ. 1920 йилда айнан шу ерда Ўлка намуна драма театри тузилди ва у 1929 йилда ўзбек давлат драма театрига айлантирилди. Ҳозирги кунда бу мамлакатимизнинг асосий театри - Ўзбекистон миллий академик драма театридир. XX аср давомида шу театр негизида саҳна санъатинмнг жаҳон миқёсида эътироф этилган энг яхши мактабларидан бири шаклланди.
  Бу даврда Ўзбекистон олимлари илм-фан соҳасида катта ютуқларни қўлга киритди. Тошкентда Фанлар академияси ҳузурида Ядро физикаси, Ўсимликлар кимёси, Сейсмология, Электроника, Биокимё каби институтлар очилди. Ё.Тўрақулов, В.Шчеглов, О.Содиқов, М. Набиев, С. Юнусов, Т.Саримсоқов, С.Сирожиддинов, У.Орипов, И.Мўминов, П.Бул­гаков, Я. Ғуломов сингари олимларнинг номи юртимиздан олисларда ҳам машҳур бўлди.
  1947 йилда Тошкентнинг марказида Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрининг барпо этилиши мамлакатимизнинг маданий ҳаётидаги ёрқин ҳодиса бўлди. Бу театр биноси ғарб-шарқ меъморий-бадиий анъаналарини ўзида мужассам этгани билан алоҳида ажралиб туради.
  Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб Тошкент меъморчилигида ойна ва бетон конструкцияли бинолар асосий ўрин тута бошлади. 70-йилларда кўплаб маъмурий бинолар, ўқув корпуслари ва кўпқаватли тураржой бинолари қурилди, бироқ улар шаклан бир хиллиги билан шаҳарнинг меъморий қиёфасига қовушмай турар эди.
  1973 йилда Тошкентда 12 бекатдан иборат метрополитеннинг биринчи навбати қурилиши бошланиб, у 1977 йили якунига етказилди.
  Ўзбекистон собиқ СССР даврида ҳам ўз иқтисодий имкониятлари, табиий бойликлари, интеллек­туал салоҳияти ва меҳнаткаш халқи билан бошқа республикалар орасида алоҳида ажралиб турар эди. Лекин коммунистик мафкура ҳукмронлик қилган йиллар Ватанимиз учун жуда оғир синов ва машаққатлар даври бўлди. Айниқса, 60-80-йилларда Иттифоқ халқ хўжалиги комплексида хомашё бўйича ихтисослашув жиддий равишда кучайди. Бу даврда саноат ишлаб чиқаришнинг 80 фоизгача бўлган ҳажми пахтачиликка боғлиқ бўлиб қолган эди. Марказга қишлоқ хўжалик хомашёси билан бирга, газ, рангли ва нодир металлар, совет давлатининг экспорт салоҳятини сезиларли даражада юксалтириш имконини берган бошқа табиий қазилма бойликларни етказиб бериш ҳажми ҳам жадал ортиб борди. Лекин республика саноат корхоналари эскирган ускуналарда иш олиб борар, Тошкентнинг кўплаб корхоналарида, жумладан, Тошкент тўқимачилик комбинатида дастгоҳлар 40-50 - йиллардан буён янгиланмас эди. Бир сўз билан айтганда, 80-йилларнинг ўрталарида Ўбекистондаги 1,5 минг саноат корхонасидан 900 тадан зиёди техникавий қайта жиҳозлашга муҳтож эди.
  Ишлаб чиқарувчи кучларни жойлаштиришнинг хомашё-билан боғлиқ тартиби сақланиб қолгани оқибатида 80-йилларда ўлка саноатида тайёр маҳсулот улуши ялпи ички маҳсулот ҳажмининг атиги 25 фоизини, аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш эса Иттифоқ миқёсидаги ўртача кўрсаткичнинг 40 фоизини ташкил қилди, холос.
  Пахта яккаҳокимлигининг зўравонлик билан ўрнатилиши ўзбек халқи учун жиддий муаммога айланди. 60-80-йилларда бу жараён даҳшатли тус олди. Ғўза экиш учун янгидан-янги ерлар ажратилди, озуқа экинлари майдони экинлари  кескин қисқариб, қишлоқ аҳлининг шахсий томорқа ерлари миқдори чекланиб борди. Натижада республиканинг озиқ-овқат билан ўзини ўзи таъминлаш имконияти йилдан-йилга камайди. Миллий иқтисодиётнинг хомашё асосида бир томонлама, ўта номутаносиб хусусият касб этиши республиканинг моддий ва молиявий жиҳатдан инқироз ҳолатига тушиб қолишига олиб келди. Киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон 80-йилларнинг охирида Иттифоқда 12-ўринни эгаллаган бўлса, унинг миллий даромади умумиттифоқ даражасидан икки баробар кам эди.
  Республика, шу жумладан, Тошкент аҳолисининг замонавий уй-жойга, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ва маиший хизмат соҳасига бўлган этиёжлари талаб даражасида қондирилмас эди.
  Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида жиддий муаммолар мавжуд эди. Ўзбекистонда 60-80-йилларда шифохоналар фонди ўсиши деярли ярим мослаштирилган бинолар ҳамда мавжуд касалхоналарда ўринларни кўпайтириш ҳисобидан амалга оширилар эди.
  Миллий-маънавий соҳада ҳам таҳликали ҳолат юзага келган эди. Буни оммавий ахборот воситаларида, адабиёт, илм-фан ва санъат соҳасида ўзбек тилида иш олиб бориш кўлами сунъий равишда муттасил торайиб боргани ҳам тасдиқлайди.   
  Собиқ Марказ томонидан 80-йилларда «ўзбеклар иши» номи остида ўтказилган сиёсий қатағон юртимиздаги ижтимоий вазиятни буткул кескинлаштириб юборди. 1989 йили Ислом Каримов республика раҳбари бўлиб иш бошлаганидан сўнг Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган янги сиёсатни қатъият билан олиб борди. Янги раҳбар юртимизда ижтимоий адолатсизликка чек қўйиш, асоссиз равишда қамоққа ташланган минглаб кишиларни озод этиш, халқимизнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш ҳимоя қилиш йўлида буюк жасорат намунасини кўрсатди, шундай қалтис ва мураккаб бир шароитда Ўзбекистоннинг сиёсий суверенитети иқтисодий мустақиллиги ғоясини илгари суриб, халқимизни истиқлол сари бошлади. Иттифоқдош республикалар орасида Ўзбекистонда биринчи бўлиб президентлик лавозими таъсис этилиши ва 1990 йил мартда бу вазифага Ислом Каримовнинг сайланиши мамлакатимизнинг мустақилликка эришишида, жаҳон майдонида унинг суверен давлат сифатида эътироф этилишида ҳал қилувчи роль ўйнайди.
 
“Тошкент - 2200”: китоб-альбом, Тошкент:Ўзбекистон, 2009


Печать 17 Март 2010 Ўқилди: 5526


Ўзбекистон Республикаси Президенти "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида" халқаро конференцияси иштирокчилари билан учрашди
Япония саҳна асари Ўзбекистонда
Сайтда фойдаланувчилар сони: 380
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 

beta(test statistika)

 

04.09.2017

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

 

Ҳокимлигларига келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

MY.GOV.UZ порталига келиб тушган мурожаатлар

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

44

 

14307

 

41573

 

14560

 

Ижродаги мурожаатлар

 

3

 

594

 

2473

 

307

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

41

 

13713

 

39100

 

14253

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

0

 

163

 

0

 

12

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар