Грампластинкалар, аудиокассета ва лазерли дискларни ишлаб чиқариш

 

Грамплаcтинкалар, аудиокассета ва лазерли дискларни ишлаб чиқариш, ёзиш, кўпайтириш ва реализиция қилиш фаолиятини лицензиялаш тартиби ҳамда лицензия олиш учун аризалар қабул қилинишини ташкил этилганлиги тўғрисидаги ахборотларни бериш регламенти (Кб 328)

Хизматдан фойдаланиш                                                                        

Размер : 100kb

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ «ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУНЛАРИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА» 2011  ЙИЛ 26 ДЕКАБРДАГИ ЎРҚ-312-СОН ҚОНУНИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 12-сон, 130-модда, 36-сон, 412-модда; 44-сон, 507-модда)

Ўзбекистон Республикасининг «Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2011 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-312-сон Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Қуйидагилар:

Аудиовизуал асарларни, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

(1-банднинг 2-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

киновидео маҳсулотларини ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича ҳамда грампластинкалар, аудиокассеталар ва лазерли дискларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, ёзиш, кўпайтириш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг «Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2011 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-312-сон Қонуни кучга киргунга қадар хўжалик юритувчи субъектларга берилган лицензиялар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади;

киновидео маҳсулотларини ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича ва грампластинкалар, аудиокассеталар ва лазерли дискларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, ёзиш, кўпайтириш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияларнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг хўжалик юритувчи субъектлар аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш бўйича ва аудиовизуал асарларни, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияларни оладилар;

(2-банднинг 3-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

ҳозирги вақтда ЭҲМ учун дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш бўйича лицензиясиз фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар ушбу фаолият турларини тегишли лицензия олгунга қадар, бироқ 2012 йил 1 майдан кечиктирмасдан давом эттириш ҳуқуқига эга бўладилар.

3. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек «Ўзбеккино» Миллий агентлиги билан биргаликда киновидео маҳсулотларини ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича ва грампластинкалар, аудиокассеталар ва лазерли дискларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, ёзиш, кўпайтириш ва сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун илгари берилган лицензияларни 2012 йил 1 майгача хатловдан ўтказсин;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун дастурларга мутлақ (номутлақ) мулкий ҳуқуқларга эга бўлган ҳуқуқ эгаларининг маълумотлар базасини яратсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                               Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2012 йил 15 март,

72-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 15 мартдаги 72-сон қарорига 1-илова

 

АУДИОВИЗУАЛ АСАРЛАРНИ, ФОНОГРАММАЛАР ВА ЭҲМ УЧУН ЯРАТИЛГАН ДАСТУРЛАРНИ ТАКРОРЛАШ, СОТИШ, ПРОКАТГА БЕРИШ, ШУНИНГДЕК ФОНОГРАММАЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ

(илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом аудиовизуал асарларни, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турларини лицензиялаш тартибини белгилайди.

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилди:

аудиовизуал асар - бир-бири билан боғлиқ бўлган (овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз) тасвирларнинг ёзиб олинган туркумидан иборат бўлган, тегишли техника воситалари ёрдамида кўриб ва эшитиб (овоз жўрлиги бўлса) идрок этиш учун мўлжалланган ёзув, шу жумладан кинематография, мультипликация ва анимация асарлари ҳамда кинематографияникига ўхшаш воситалар билан ифодаланган барча асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар);

такрорлаш - аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни ёхуд улардан бир қисмини ахборот ташувчиларда (киноплёнка, видеокассеталар, лазер дисклари (CD, DVD) ва бошқа турдаги ташувчиларда) бир нусхадан ортиқ тайёрлаш, шу жумладан кейинчалик барчанинг эътиборига етказиш учун ЭҲМ хотирасига ёзиб олиш;

барчанинг эътиборига етказиш - аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни симлар ёки симсиз алоқа воситалари орқали телекоммуникация тизимларидан фойдаланувчилар ўз танловига кўра исталган жойда ва исталган вақтда улардан фойдалана олиши мумкин бўлган тарзда барчанинг эътибори учун (пулли ёки бепул) юбориш;

фонограммаларни тайёрлаш - фонограмманинг дастлабки овозли ёзувини амалга ошириш бўйича фаолият;

ҳуқуқ эгаси - аудиовизуал асар ва ЭҲМ учун яратилган дастурга нисбатан муаллиф ёки унинг меросхўрлари, фонограммаларга нисбатан ижрочи ёки унинг меросхўрлари, фонограммани тайёрловчи, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот, шунингдек шартнома бўйича ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асос бўйича аудиовизуал асарлар, фонограммалар ёки ЭҲМ учун яратилган дастурлардан фойдаланиш ҳуқуқини олган бошқа юридик ёки жисмоний шахслар;

ЭҲМ учун яратилган дастур - муайян натижа олиш мақсадида ЭҲМ, ЭҲМ шохобчалари ва бошқа компьютер воситаларининг ишлаши учун мўлжалланган маълумотлар ва кўрсатмалар мажмуи;

(2-банднинг 8-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига мувофиқ чиқариб ташланган - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

сотиш - аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни пулли ёки бепул (шу жумладан барчанинг эътиборига етказиш йўли билан) тарқатиш;

прокатга бериш - аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни даромад олиш мақсадида вақтинчалик фойдаланиш учун бериш;

фонограмма - бирон-бир ижронинг, бошқа овозларнинг ҳар қандай фақат овозли ёзуви, аудиовизуал асарга киритилган овозли ёзув бундан мустасно.

3. Мазкур Низомнинг мақсадларига кўра қуйидаги фаолият турлари лицензияланади:

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиш;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни прокатга бериш;

фонограммаларни тайёрлаш;

(3-банднинг 6-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига мувофиқ чиқариб ташланган - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

4. Лицензияларни бериш, амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек уни бекор қилиш ёки қайтадан расмийлаштириш ҳақидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (лицензияловчи орган) томонидан қабул қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш, қабул қилинган ҳужжатлар бўйича эксперт хулосаларни тайёрлаш, лицензияларни бериш, лицензия битимларини тузиш бўйича ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти ҳузурида Интеллектуал мулк агентлиги, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва бошқа давлат бошқаруви органлари мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) тузилади. Ишчи гуруҳни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментининг масъул ходими бошқаради. Ишчи гуруҳнинг таркиби ва Ишчи гуруҳ ҳақидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбари томонидан тасдиқланади.

(4-банднинг 2-хатбошиcи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 сентябрдаги 261-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 36-сон, 412-модда)

5. Аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турлари юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

6. Аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турларини амалга ошириш учун намунавий (оддий) лицензия берилади.

(6-банднинг 1-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензиялар умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилади.

7. Аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турларини амалга оширишга лицензия 5 йил муддатга берилади. Талабгорнинг аризасига кўра лицензия беш йилдан кам муддатга берилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензия берилган кундан эътиборан ҳисобланади.

(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

8. Қуйидагилар билан боғлиқ фаолият лицензияланмайди:

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ёки ЭҲМ учун яратилган дастурларни шахсий мақсадларда оилавий фойдаланиш учун такрорлаш билан боғлиқ фаолият;

ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиш ва такрорлаш билан боғлиқ фаолият, агар бундай фаолият ЭҲМ учун дастур яратилишини ташкил қилган ҳамда ЭҲМ учун яратилган мазкур дастурга нисбатан мутлақ мулкий ҳуқуқларга эга бўлган юридик шахс томонидан амалга оширилаётган бўлса;

ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиш, агар ЭҲМ учун яратилган дастурнинг қиймати ускуна (серверлар, принтерлар, компьютерлар, ноутбуклар ва ҳоказолар) қийматига киритилган бўлса.

9. Лицензия талабгорида лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган филиаллар мавжуд бўлган тақдирда, лицензия бериш билан бир вақтда бундай филиаллар сонига қараб, улардан ҳар бирининг жойлашган жойи кўрсатилган ҳолда, улар тегишли лицензия талаблари ва шартларига амал қилишлари шарти билан, лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган лицензия нусхалари берилади.

II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ

10. Қуйидагилар аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турларини амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

(10-банднинг 1-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

лицензиатнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига мажбурий тарзда риоя қилиниши;

зўравонликни, порнографияни, мамлакат хавфсизлиги ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни бузишни, Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишини ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий бойликлари бузиб кўрсатилишини тарғиб қилиш учун аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, фонограммаларни тайёрлашга йўл қўймаслик юзасидан лицензиатнинг мажбурияти;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлардан фойдаланилганда ҳақ тўлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мажбурий тарзда риоя қилиниши;

лицензиат томонидан лицензияланадиган фаолият ёнғин хавфсизлиги ва санитария нормалари талабларига жавоб берадиган бинолар ва хоналарда амалга оширилиши.

11. Қуйидагилар аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлашда қўшимча лицензия талаблари ҳисобланади:

а) такрорланаётган аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг техник сифатига қўйиладиган талабларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига, шунингдек уларни такрорлашда ва расмийлаштиришда қўйиладиган талабларга мажбурий тарзда риоя қилиниши;

б) лицензиат ёки тираж буюртмачисининг аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлашга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлашга бўлган муаллифлик ва (ёки) турдош ҳуқуқларга эга бўлиш ҳақидаги шартномалар, шунингдек уларни такрорлаш ҳақида мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар)нинг мавжудлиги;

в) аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг номини кўрсатган ҳолда лицензиат томонидан такрорланган аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар нусхаларининг ҳисобини юритиш;

г) қуйидагиларни:

ҳуқуқ эгасининг номини;

маҳсулот номини;

ушбу маҳсулот таркибига кирган асарлар ва (ёки) турдош ҳуқуқлар объектларининг номларини;

маҳсулот тайёрланган жойнинг номини;

ёш жиҳатдан чекловларни (мавжуд бўлса) кўрсатган ҳолда аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш;

д) лицензиат штатида аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг такрорланган нусхалари ҳисобини олиб бориш учун масъул шахснинг бўлиши;

е) лицензиатда лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда зарур ишлаб чиқариш хоналари ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг мавжуд бўлиши;

ж) лицензиат томонидан аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлашга доир ишлаб чиқариш фаолияти техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши.

12. Қуйидагилар аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиш бўйича қўшимча лицензия талаблари ҳисобланади:

а) лицензиатнинг аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиб олиш ҳақидаги шартномалар ёки бошқа ҳужжатлар)нинг мавжуд бўлиши;

б) лицензиат томонидан аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг сотилаётган нусхаларнинг ҳисоби аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг номи кўрсатилган ҳолда юритилиши;

в) аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар нусхаларини қуйидагиларни:

ҳуқуқ эгасининг номини;

маҳсулотнинг номини;

ушбу маҳсулот таркибига кирган асарлар ва (ёки) турдош ҳуқуқлар объектларининг номларини;

маҳсулот тайёрланган жойнинг номини;

ёш жиҳатдан чекловларни кўрсатган ҳолда сотиш;

г) лицензиат штатида аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг мавжуд бўлган ва сотилган нусхалари ҳисоби олиб борилиши учун масъул шахснинг бўлиши.

13. Қуйидагилар аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни прокатга беришда қўшимча лицензия талаблари ҳисобланади:

а) лицензиатнинг аудиовизуал асарлар, фонограмма ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни прокатга беришга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни прокатга бериш ҳақидаги шартномалар ёки бошқа ҳужжатлар, шунингдек аудиовизуал асарлар ва фонограммалар учун - уларни прокатга бериш ҳақида мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномалар)нинг мавжудлиги;

б) лицензиат томонидан аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг прокатга берилаётган нусхаларининг ҳисоби аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг номи кўрсатилган ҳолда юритилиши;

в) аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни қуйидагиларни:

ҳуқуқ эгасининг номини;

маҳсулотнинг номини;

ушбу маҳсулот таркибига кирган асарлар ва (ёки) турдош ҳуқуқлар объектларининг номларини;

маҳсулот тайёрланган жойнинг номини;

ёш жиҳатдан чекловларни кўрсатган ҳолда прокатга бериш;

г) лицензиат штатида аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг прокатга берилаётган нусхалар ҳисоби олиб борилиши учун масъул шахснинг бўлиши.

14. Қуйидагилар фонограммаларни тайёрлашда қўшимча лицензия талаблари ҳисобланади:

а) фонограммаларнинг техник сифатига қуйиладиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мажбурий тарзда риоя қилиниши;

б) лицензиат ёки тираж буюртмачисининг фонограммаларни тайёрлашга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (фонограммаларни тайёрлашда муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга эга бўлиш ҳақидаги шартномалар)нинг мавжудлиги;

в) лицензиат томонидан тайёрланган фонограммаларнинг ҳисоби маҳсулот номи, ушбу маҳсулот таркибига кирган асарлар ва (ёки) ижролар номи, тайёрланган нусхалар сони, тайёрланган жой кўрсатилган ҳолда олиб борилиши;

г) лицензиат штатида тайёрланган фонограммаларнинг ҳисоби олиб борилиши учун масъул шахснинг бўлиши;

д) лицензиатда лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда зарур бўлган ишлаб чиқариш хоналари ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг мавжудлиги;

е) лицензиат томонидан фонограммаларни тайёрлашга доир ишлаб чиқариш фаолияти техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келадиган асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши.

(15-16-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

17. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 10 - 14-бандларидан келиб чиқадиган аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.

(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР

18. Лицензия талабгори лицензия олиш учун лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк номи ва банкдаги ҳисоб-китоб рақами;

лицензия бериладиган фаолият тури (ёхуд унинг бир қисми);

б) юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) лицензияланадиган фаолият амалга ошириладиган бинолар ва хоналарга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;

г) тузилган шартномалар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) хулосаси;

д) лицензияланадиган фаолият тури амалга ошириладиган бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талаблари ва санитария нормаларига мос келиши ҳақида ёнғин ва санитария-эпидемиология назорати органлари хулосаларининг нусхалари;

е) ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.

19. Лицензия талабгори томонидан ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш фаолиятини амалга ошириш учун:

лицензияланадиган фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар тўғрисидаги маълумотлар;

лицензия талабгорининг аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38 - 42-моддаларига мувофиқ тузилган аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлашга бўлган муаллифлик ва (ёки) турдош ҳуқуқларга эга бўлиш тўғрисидаги шартномалар)нинг нусхалари;

юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчаси ва ишга қабул қилинганлик ҳақидаги буйруқ нусхалари - аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг такрорланган нусхаларининг ҳисоби олиб борилиши бўйича масъул шахс учун;

б) аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиш фаолиятини амалга ошириш учун:

лицензия талабгорининг аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиш ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиб олинганлиги тўғрисидаги ҳужжат (шартнома, инвойс ва ҳоказолар);

юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчаси ва ишга қабул қилинганлик ҳақидаги буйруқ нусхалари - сотилаётган аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг ҳисоби олиб борилиши бўйича масъул шахс учун;

в) аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни прокатга бериш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун:

лицензия талабгорининг аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни прокатга бериш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни сотиб олиш учун олди-сотди шартномалари)нинг нусхалари;

юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчаси ва ишга қабул қилинганлик ҳақидаги буйруқ нусхалари - прокатга берилаётган аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларнинг ҳисоби олиб борилиши бўйича масъул шахс учун;

г) фонограммаларни тайёрлаш фаолиятини амалга ошириш учун:

лицензияланадиган фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар тўғрисидаги маълумотлар;

лицензия талабгорининг фонограммаларни тайёрлаш ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38 - 42-моддаларига мувофиқ тузилган фонограммаларни тайёрлаш тўғрисидаги шартномалар)нинг нусхалари;

юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва ишга қабул қилинганлик ҳақидаги буйруқ - тайёрланаётган фонограммаларнинг ҳисоби олиб борилиши бўйича масъул шахс учун;

(19-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига мувофиқ чиқариб ташланган - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

20. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

21. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар ишчи гуруҳ раҳбари томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).

22. Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕРИШ ЁКИ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ

23. Лицензия талабгори аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

(23-банднинг 1-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

24. Аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш бўйича фаолият турларини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.

(24-банднинг 1-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

25. Ишчи гуруҳ ариза олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича экспертиза хулосаси тайёрлайди ва таклифини тақдим этади.

Ишчи гуруҳнинг экспертиза хулосасига асосан Вазирлар Маҳкамаси лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

26. Ишчи гуруҳ тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

27. Лицензия битими лицензияловчи орган билан лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилаётган фаолиятнинг аниқ тури;

лицензияланадиган фаолият амалга ошириладиган манзил;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини Агентлик томонидан назорат қилиш тартиби;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш фаолиятнинг ўзига хос бўлган бошқа шартлар.

(27-банднинг 10-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

Лицензияловчи орган томонидан лицензия битими ишчи гуруҳ раҳбари томонидан имзоланади.

Лицензия битими уч нусхада - лицензиат, лицензияловчи орган ва Агентлик учун бир нусхадан тузилади.

28. Лицензиялар ишчи гуруҳ томонидан белгиланган шаклдаги бланкаларда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбари томонидан имзоланади.

(28-банднинг 1-хатбошиcи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 сентябрдаги 261-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 36-сон, 412-модда)

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

29. Аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия берилганлиги учун тўлов кунида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

(29-банднинг 1-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарори таҳририда - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 44-сон, 507-модда)

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия беш йилдан кам муддатга берилган ва беш йилдан кам муддатга муддати узайтирилган тақдирда давлат божи миқдори лицензиянинг амал қилиш муддатига мутаносиб равишда камаяди.

Лицензия берилганлиги учун давлат божи маблағлари давлат бюджети даромадига ўтказилади.

30. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.

31. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

32. Лицензия бериш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

 


Печать 23 October 2013 Ўқилди: 17028