Шайхонтоҳур туманида халқ билан навбатдаги очиқ мулоқот

Куни кеча пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур  туманида фуқаролар мурожаатлари бўйича қабул ташкил қилинди. Унда туман аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш, аҳолининг турмуш кечириш даражасини яхшилаш масалалари юзасидан аҳоли муаммолари тингланди. 

Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги, Ички ишлар бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар иштирокида ташкил қилинган мулоқотда, йигирмадан ортиқ мурожаатлар жойида ўрганиб чиқилди. Муаммоларнинг айримлари шу жойнинг ўзида ўз ечимини топди.

Жумладан, мисол тариқасида Шайхонтоҳур тумани Баҳор кўчаси 24-хонадонда истиқомат қилаётган Маҳмудова Зуҳрахон Акрамовнанинг мурожаатида: Фуқаро 88 ёшли онаси бетоблиги ва доимий эътиборга муҳтожлиги сабаб, юқорида кўрсатилган манзилга  доимий рўйхатга ўтказиш масаласи бўйича мурожаат қилган. Мазкур мурожаат қаноатлантирилиб доимий рўйхатга ўтказишга рухсат берилди.

Тумандаги А.Соғуний кўчаси 14 уйда истиқомат қилаётган Газиев Саидасрорнинг мурожаатига кўра, бузилиш  ҳудудида жойлашган А.Соғуний кўчаси 14 уйга, келини 1997 йил 16 августда туғилган Саидакбарова Дурдона Алишер қизини ва унинг фарзандларини доимий рўйхатга қўйиш бўйича мурожаат қилган. Ушбу мурожаат ҳам ўз ижобий ечимини топди.

Ғиёсова Мастура Абдунабиевна Шайхонтоҳур тумани Жар-ариқ мавзеси, 15-уй 120- хонадон 1-гуруҳ ногиронлиги сабабли Сергели туманида қурилаётган янги уй-жойлардан ажратилишини сўраган. Фуқаронинг 1-гуруҳ ногиронлиги инобатга олиниб, имтиёзли уй-жой олувчилар рўйхатига қўйилди ва хонадон ажратиш чоралари кўрилди. 

Мурожаатлани ўз вақтида қабул қилиш ва уларнинг ечимини топиш бўйича туманда олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Жумладан ушбу фуқаролар мурожаатлари бўйича қабулда ҳам бунинг исботини кўришимиз мумкин. Аҳолининг мушкулини осон қилиш ва муаммоларига ечим топишда давлат ташкилотлари ва мутасадди идоралар, ташкилотларнинг ўз вақтида эътибор қаратиши бу пойтахтимиз аҳолисининг яхши турмуш кечиришига замин яратади. Қолаверса давлат ташкилотларига бўлган ишончини оширади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати



Печать 13 April 2018 Ўқилди: 733