Муҳаббат боғи

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида очилган мусаввир Даврон Тошевнинг кўргазмаси шундай номланди. 

Ўзбекистон Бадиий академияси, "Санъат" журнали ва Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазма очилишида мусаввирлар, санъатшунослар, тасвирий санъат ихлосмандлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. 

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, "Санъат" журнали бош муҳаррири Д.Қодирова ва бошқалар истеъдодли рассом Даврон Тошев ўз услуби ва фалсафий мушоҳадага йўғрилган ранг-баранг асарлари билан замонавий ўзбек миниатюра санъати ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани хусусида сўз юритди. 

Даврон Тошев 1970 йил Бухоро туманида туғилган. Бўлажак рассом рангтасвир сирларини Ҳамро Зоиров, Хуршид Назиров, Шомаҳмуд Муҳаммаджонов каби устозларидан ўрганган. Қолаверса, шарқ миниатюрасидаги ҳаёт, хаёлот ва рамзлар олами ёш мусаввирни ҳайратга келтириб, боқий меросдан илҳом олишга ва асарлар яратишга ундади. Мазкур кўргазма экспозициясидан жой олган “Устоз ҳузурида”, “Мутолаа”, “Кўнгил баҳори”, “Шоҳ саройида”, “Малика”, “Баҳром қора қасрда”, “Шоҳона ов”, “Минг бир кеча”, “Шоҳ ва чўпон” каби саксонга яқин асари муаллифнинг бу санъат турига бўлган чексиз меҳри ва ошуфталиги ифодасидир. 

– Шарқ миниатюраси адабиёт, тасаввуф, тарих, фалсафа билан боғлиқ қадимий санъат тури ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон халқ рассоми, академик Шомаҳмуд Муҳаммаджонов. – Бугунги кунда ана шу санъат турининг мактаблари анъаналарини ўрганиб, қайта тиклаётган ёш рассомлар ижоди кишини қувонтиради. Мен Даврон Тошев яратган миниатюра асарларида XVI аср Бухоро мактаби йўналишининг шаклу шамойилини кўраман. Тасвирдаги портрет яратиш, архитектура, кийимларнинг ҳудудга хослиги бу мактабнинг ўзига хос анъаналаридир. Даврон Тошев Бухоро мактабининг тарихий чизгиларини тасвирда талқин этар экан, ўша даврдаги ҳолат ва моҳиятни юракдан ҳис этган. Бу эса унинг ишларида композиция мутаносиблиги, ранглар уйғунлиги, асарлар ечимига мувофиқлик ва образлар талқинининг янада ишонарли бўлишини таъминлаган. 

Насиба Зиёдуллаева, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

14.11.2017

http://uza.uz/oz/culture/mu-bbat-bo-i-13-11-2017



Печать 14 November 2017 Ўқилди: 255