"Туркистон" саройида "Энг намунали оила" кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган танловда туман босқичида ғолиб топилган оилалар иштирок этди. 

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, манфаатларини ҳимоялаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади. 

"Энг намунали оила" кўрик-танловидан кўзланган асосий мақсад ҳам ёшларнинг оила, жамият, Ватан олдидаги масъулиятини ошириш, ибратли анъана ва қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлаш, намунали оилаларни кенг тарғиб этишдан иборатдир. 

Танлов жараёнида иштирокчилар "Оилаларнинг таништирув-тақдимоти", "Биз – китобхон оиламиз", "Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги" каби шартлар асосида ўз салоҳиятини намойиш этди. Уларнинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлашнинг асосий омиллари, фарзандларни ёт ва зарарли иллатлардан ишончли ҳимоялаш, китобхонликни тарғиб этиш, ёшларни юртимиздаги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, шукроналик туйғуси билан яшашга чорловчи билимларига, бу йўналишда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги "Ўзбекистон" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат этаётган Баҳодир ҳамда Замирахон Қодировлар оиласи биринчи ўринга муносиб топилди. Улар "Энг намунали оила" кўрик-танловининг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

11.10.2017

http://uza.uz/oz/society/turkiston-saroyida-eng-namunali-oila-k-rik-tanlovining-toshk-10-10-2017



Печать 11 October 2017 Ўқилди: 1008